8 та тезюрар электропоезд харид қилиш лойиҳа концепцияси сессияда муҳокама қилинади

16 июнь куни ўтказиладиган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги ўттиз биринчи сессиясида депутатлар шу каби 10 дан зиёд масалани кўриб чиқади.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Ш.Негматов бугун, 12 июнда  "Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ, ўттиз биринчи сессиясини чақириш тўғрисида" Фармойиш қабул қилди.

Сессия кун тартибида қуйидаги масалалар кўрилади:

- “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Р.Ҳотамовнинг ҳисоботи ҳақида;

- экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи А.Қурбоновнинг ҳисоботи ҳақида;

- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Х.Раҳмоновнинг 2025 йилда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида маърузаси ҳақида;

- ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида;

- юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисида;

- Паст Дарғом туманидан бирлаштириш ва ихчамлаштиришга тушган маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш тўғрисида;

- Ургут туманидан бирлаштириш ва ихчамлаштиришга тушган маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш тўғрисида;

- Қўшработ туманидан бирлаштириш ва ихчамлаштиришга тушган маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш тўғрисида;

- Пахтачи туманидан бирлаштириш ва ихчамлаштиришга тушган маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш тўғрисида;

- вилоят маҳаллий бюджетининг 2026 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш тўғрисида;

- Самарқанд вилоятида драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур инфратузилма объектларининг манзилли рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида;

- “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 8 та тезюрар электропоезд харид қилиш лойиҳа концепциясини маъқуллаш тўғрисида;

- жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисида.