Самарқандлик 100 нафар оммавий ахборот воситалари вакилларига эсдалик нишонлари топширилди

Президентимизнинг шу йил 23 августдаги Фармонига кўра, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини оширишга катта ҳисса қўшаётган, давлатимиз иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда ибрат ва намуна бўлиб келаётган, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотланди.

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 100 нафардан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар ҳам ушбу эсдалик нишон билан тақдирланди.

Бугун вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали маросимда ушбу мукофотни Президент номидан Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов топширди.

– Мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, журналист ва блогерларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг беқиёс ҳиссаси бор, – деди Э.Турдимов. – Сизларнинг давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлиб, жойлардаги реал ҳолат ҳақидаги чиқишларингиз давлат органлари учун эътибор қаратилиши керак бўлган масалаларни белгилаб олиш ва муаммоларга тезкор ечим топишга ёрдам бермоқда.

Маросимда журналист ва блогерлар ҳам кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирдилар.

– Бу эътироф, эътиборни камтарона меҳнатимизга берилган юксак баҳо, шу билан бирга улкан масъулият, деб биламиз, – деди мустақил журналист Каримберди Тўрамурод. – Бундан буён ҳам ўз сўзимиз, қаламимиз билан ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлашга, халқимиз дилидаги гапларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиб, давлатимизнинг халқпарвар сиёсатини амалга оширишга ҳисса қўшамиз.