“Самарқандлик алломалар” китобида 140 га яқин олим ва диний уламо ҳақида маълумот берилган
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан тайёрланиб “Жаҳолатга қарши маърифат” рукни остида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Унда тарихчилар, исломшунос, шарқшунос олимлар, соҳа мутахассислари, диний идора ва ташкилотлар вакиллари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тадқиқотчилари ва талабалари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг қисқа давр ичида амалга оширган ишлари ҳақида гапирди. Чоп этилган китоблар илмий аҳамияти, бадиий савияси тўғрисида илиқ фикрлар билдирилди.
– Китоб инсон қалбига нур олиб киради, – деди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Убайдулла Уватов. – У илмий бўлса, киши маънавиятини юксалтиришга ва илмини янада бойитишга ҳисса қўшади. Тақдимоти ўтказилаётган китоблар айнан шу мақсадда китобхонлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Биргина, “Самарқандлик алломалар” китобида 140 га яқин аллома, олим ва диний уламо ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари астойдил меҳнат қилган. Ҳар бир китоб тарихдан сўзлайди ва уларда бугунги кун бунёдкорлик шукуҳи акс этган.
Жорий йилда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан 50 га яқин диний-маърифий, тарихий, маънавий-маърифий мавзудаги китоб ва рисолалар, “Жаҳолатга қарши маърифат” рукни остида 30 та китоб нашрга тайёрланган. Шулардан 5 таси – “Самарқандлик алломалар”, “Алауддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Иброҳим Саффор Бухорий” китоблари ва “Имом Бухорий мажмуаси” китоб альбоми “Ғафур Ғулом” номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйидан чоп этилди.
Имом Бухорий ҳадислари асосида мактаб ўқувчилари учун “Касб ўрганиш фазилати”, “Имом Бухорий изидан”, “Илмдан ўзга нажот йўқ” каби рисолалар тайёрланди.
Тадбир қатнашчиларига китоблар совға қилинди.
Дилобар МАМАТОВА, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА.