Самарқандлик ҳунармандлар маҳсулотларига АҚШ ва Туркияда харидор кўп

Бугунги кунда вилоятимизда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ҳунармандлар 2345 нафарни ташкил этади. Уларнинг аксарияти ўзлари ясаган, тўқиган ёки тиккан маҳсулотларини хориж давлатларига ёки ҳеч бўлмаганда республикамизнинг барча вилоятларига сотмоқда.
Буни шу йилнинг биринчи чораги давомида 2 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳунармандчилик маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларга сотилганидан ҳам билиш мумкин.
Хўш, четда самарқандлик ҳунармандларнинг қандай маҳсулотларига харидор кўп, деган савол туғилиши мумкин. Табиийки, экспорт қилинган маҳсулотлар Самарқанд номи, тарихи, бугунини акс эттириб берадиган ашёлар бўлмоқда. Яъни, четда энг кўп талабга эга бўлган йўналишлар, асосан, ёғоч ўймакорлиги, мис ўймакорлиги, кулолчилик, каштачилик, миниатюра ва ранг-тасвир санъати, миллий либослар, мусиқа асбоблари каби юксак бадиий қимматга эга ҳунармандчилик турлари бўлди.
Ушбу йўналишларда фаолият олиб бораётган юртимизнинг маҳоратли усталари яратган ноёб маҳсулотлар Россия, АҚШ, Қозоғистон, Туркия, Европа мамлакатлари ва бошқа хорижий давлатларга ҳам экспорт қилиняпти. Шу билан бирга саёҳатга келган хорижликлар ҳам бу маҳсулотларни Самарқанддан катта қизиқиш билан харид қилмоқда ва юртларига олиб кетмоқда.
Алоҳида таъкидлайдиган бўлсак, бугунги кунда ёғоч ўймакори Мансур Асадов, каштачи Ғулом Исаев ўз маҳсулотларини асосан Қозоғистон, Туркия, Тожикистон, АҚШга, миллий либослар бўйича дизайнер Лена Ладик Россия, Қозоғистон, Туркияга, миниатюра ва ранг-тасвир устаси Мансур Нуриллаев Қозоғистон, Туркия, Тожикистонга, миллий либослар мутахассиси Ҳамида Иноятова АҚШ ва Россияга, академик кулол Шариф Азимов АҚШ ва қатор Европа давлатларига маҳсулотларини сотмоқда.
Шу ўринда бир имкониятни ҳам айтмасак бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 28 ноябрда “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарор қабул қилди. Ушбу ҳужжат ижросига кўра, ҳунармандчилик маҳсулотларини электрон савдо орқали сотишни йўлга қўйиш борасида республика бўйича ягона тизимга бириктирилган “Ҳунарманд” уюшмасининг www.uzcrafts.com веб-сайти яратилди. Ички ва ташқи бозорга маҳсулотлар рекламасини намойиш этиш мақсадида www.ihunar.uz савдо майдончаси ташкил этилди.
Ҳозирда юзлаб ҳунармандларимиз ушбу сайт ва платформа орқали ясаган маҳсулотлари ассортименти, суратлари ва нархларини ижтимоий тармоққа жойлаштириб бормоқда. Масалан, бундай имкониятдан Ургут туманида фаолият юритаётган каштадўз Ғулом Исаев, Самарқанд шаҳрида яшовчи ёғоч ўймакори Мансур Асадов, Самарқанд туманида фаолият юритаётган заргар Ҳасан Қурбонов, миниатюра ва ранг-тасвир устаси Алишер Очилов, миллий мусиқа асбоблари яратувчиси Бобомурод Ҳайдаров, кулоллар Фирдавс Бердиев ва Нўъмон Облоқулов каби ҳунармандлар самарали фойдаланиб, ўзлари ясаган ҳунармандчилик маҳсулотлари рекламасини жаҳон электрон савдо майдончаларига чиқармоқда ва савдосини ташкил этмоқда.
Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга бўлган юксак эътибор туфайли ҳунармандлар маҳсулотларига четдан бўлган талаб ортмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2025 йил охиригача ҳунармандчилик маҳсулотларининг ички ва ташқи савдо миқдорини 10 миллион АҚШ долларидан оширишни олдимизга мақсад қилганмиз.
Умид Ҳакимов,
"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи.