Самарқандлик олим Кембрижда малака оширди
Ўзбекистондаги педагогика олийгоҳларининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Буюк Британиянинг Кембриж университетида ўтказилган “Raising Awareness of Alternatives” малака ошириш дастурида иштирок этиб қайтди.
Делегациямиз аъзолари сафида Каттақўрғон давлат педагогика институтининг рақамли технологиялар ва иқтисодиёт кафедраси мудири Шерзод Далиев ҳам иштирок этди.
Ўқитувчилар амалиётини таҳлил қилиш ва баҳолаш маданиятини ривожлантиришни мақсад қилган дастур тренингларида иштирокчилар “Яхши дарс” ва “Яхши ўқитувчи” тушунчаларини халқаро нуқтаи назардан таҳлил қилдилар, диалогик ўқитиш, менторлик тизими бўйича илғор тажрибаларни ўрганишди. Математика, табиий фанлар ва ахборот технологиялари йўналишидаги дарс жараёнларида ўқитувчилик фаолиятининг мураккаб, аммо илҳомлантирувчи жиҳатларини кузатдилар.
Шунингдек, дастур иштирокчилари Cambridge Maths School ва Comberton Village Collegeида бўлишди. Бу масканларда уларга ўқитувчиларнинг ўқувчилар билан мулоқоти, ёшларни фикрлашга ундовчи саволлар бериш маданияти ва дарсни таҳлил асосида такомиллаштириш жараёнлари намойиш этилди. Муассасалардаги ўқитувчиларнинг дарсларни таҳлил қилиш ва фаолиятига илмий ёндашув малакалари билан танишдилар.
Ўткир УСМОНОВ.