Самарқандлик шифокорлар 90 фоиз куйган йигит ҳаётини асраб қолишди
Шифокорларнинг айтишича, бу фақат уларнинг хизмати эмас, йигитнинг кучли иродаси, доим спорт билан шуғуллангани ҳам фойда берган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали шифокорлари танасининг 90 фоиздан ортиқ қисми куйган 23 ёшли йигитнинг ҳаётини асраб қолишди. Оқдарё туманидан келтирилган бемор пропан газидан бахтсиз ҳодиса туфайли кучли жароҳат олган.
Йигитни аввал Оқдарё туманида, кейин марказга олиб келиб даволадик, - дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали комбустология бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Эркин Ҳакимов. - Камбустологлар куйишга қарши энг асосий даволаниш чораларини кўрдилар. Бемор танасининг 90 фоиз қисмида тери бутунлиги йўқолган, шундан 40 фоизи чуқур куйиш бўлганлиги сабабли беморни даволаш жараёни силлиқ кечмади. Саккизинчи суткага бориб, ўткир буйрак етишмовчилиги, ўткир жигар етишмовчилиги кабилар кузатилди. Токсик энцефалопатия, токсик гепатит, нефрит асоратлари билан жиддий курашдик.
Ўтган 30 кун ичида тўрт марта жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Ҳозир беморнинг аҳволи анча яхши. Табиийки, даволашдаги бундай ижобий натижа кейинги йилларда шифокорларнинг турли давлатларда малака ошириб келаётгани, тажриба алмашаётгани самараси ҳамдир. Кейинги йилларда шифокорларимиз Хитой, Россия, Беларусь ва бошқа бир қатор давлатларга бориб, илғор тажрибаларни ўрганиб қайтмоқдалар.
Қолаверса, бу беморимиз ўзи спорт билан шуғулланган, иродасининг мустаҳкамлиги ҳам даволанишига яхши таъсир кўрсатди, албатта.