Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик ёшлар “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумида 25 та медални қўлга киритди

Спортни ривожлантириш ҳамда Халқ таълим вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан жорий йил маҳалла ёшларини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг иккинчи мавсуми якунланди.

Турнир натижасига кўра, самарқандлик ёшлар спорт мусобақаларида умумжамоа ҳисобида 8 та олтин, 9 та кумуш, 8 та бронза, жами 25 та медални қўлга киритди. 

- “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумида вилоятимиз ёшлари тўққиз спорт тури бўйича баҳс олиб борди, - дейди вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев. – Спорт мусобақаларида биринчи ўринни қўлга киритган 8 та маҳаллага универсал спорт майдончаси, иккинчи ўринни эгаллаган 9 та маҳаллага Street Workout ва учинчи ўринни қўлга киритган 8 та маҳаллага Workout майдончалари барпо этилиши белгиланди. 

Жумладан, Иштихон, Қўшработ, Нарпай, Оқдарё, Самарқанд туманларида биттадан, Жомбой, Пайариқ, Нуробод, Паст Дарғом, Пахтачи, Тойлоқ туманларида иккитадан, Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманидаги тўрттадан маҳаллага спорт майдончалари қурилади.