Самарқандликларга сифатли телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун 101 та MSAN станциялари ўрнатилди
Бутун дунё аҳолиси учун катта муаммога айланган коронавирус (COVID-19) пандемиясига қарши мамлакатимизда қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилояти аҳолисини ҳам ушбу хавфдан ҳимоя қилиш, уни иқтисодиёт тармоқларига бўладиган салбий таъсирини юмшатиш бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси, Вазирлик тизимидаги алоқа соҳаси корхона ва ташкилотларининг жойлардаги бўлинмалари томонидан карантин эълон қилинганига қарамасдан, йил давомида режалаштирилган ишлар бажариб келинмоқда.
Яъни, йил давомида вилоят бўйича 101 та MSAN станцияларини ўрнатиб, ишга тушириш режалаштирилганди. Ҳозирда барча станциялар ўрнатиб бўлиниб, 36 тасида абонентларни қайта улаш ишлари якунланди, 11 тасида абонентларни қайта улаш ишлари давом эттирилмоқда.
Мобил компаниялар томонидан вилоятда 209 та янги таянч база станциялари ўрнатилиши режалаштирилган бўлса, ҳозирда 40 та янги база станциялари ўрнатилди.
2020 йилнинг I чораги давомида 208 километр оптик толали алоқа кабели ётқизилди. Йил якунига қадар яна 800 километрдан зиёд кабел ётқизиш, 90 мингта портга эга бўлган OLT қурилмаларини ўрнатиш мақсад қилинган.
Бошқарма вилоят алоқа корхоналари билан биргаликда карантин даврида самарқандликларнинг уйда қолишини таъминлаш мақсадида аҳолининг сифатли телекоммуникация хизматларидан фойдаланишини таъминлашда барча имкониятларни ишга солмоқда.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати.