Самарқанднинг ички туризм имкониятлари намойиш этилди

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида «Ички туризм ярмаркаси» ташкил этилди.
Ички туризмни ривожлантириш, шу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган кўргазма аввалида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов юртимизда жорий йилги туризм мавсуми бошлангани, ярмарка давомида туризм соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш, шунингдек, жорий йил Самарқандга келаётган хорижлик сайёҳлар сонини 5 миллион, маҳаллий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга етказиш режалаштирилганини таъкидлади.
Шундан сўнг республикамизнинг турли ҳудудларидан келган сайёҳлик фирмалари, туризм соҳасида фаолият юритувчи туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, ҳостел, меҳмон уйи) вакиллари ички туризм бўйича имкониятларини намойиш этди.
- Кейинги йилларда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва тадбиркорларга яратилаётган қулайлик соҳада янги лойиҳаларга қўл уришга ундамоқда, - дейди “SITORA tour” туристик фирмаси туроператори Нигина Олтибоева. – Компаниямиз дастлаб 2017 йилда республика бўйлаб саёҳатлар ташкил этган бўлса, энди 10 га яқин хориж мамлакатларига ҳам саёҳатларни йўлга қўйдик. Шу билан бирга, хорижда юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилиб, Туркия, Таиланд, Ҳиндистон, Малайзия, Исроил давлатлари билан ҳамкорлик қилишга эришдик. Бугунги ярмаркада ҳам юртимиздаги йирик сайёҳлик фирмалар билан хорижий туристик корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишиб олдик.
Ярмарка доирасида самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий либослар тақдимоти, «Чавқи» фольклор-этнографик жамоасининг чиқишлари намойиш этилди ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома, эсдалик совғалари билан тақдирланди.