СамДТИда онлайн дарслар бошланди

Республикамизга коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида барча олий таълим, халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари талабалари, ўқувчилари ва тарбияланувчилари учун 2020 йил 16 март кунидан бошлаб таътил (карантин) эълон қилинди.

Самарқанд давлат тиббиёт институтида талабалар учун бугун, 1 апрелдан бошлаб тасдиқланган дарс жадвали асосида масофавий онлайн дарслар бошланди. Онлайн тарзда дарсларни масофадан туриб ўтказиш учун барча шарт-шароитлар ва воситалар институтда муҳайё қилинган. Жумладан, 2013 йилдан бошлаб институт таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнига илғор ахборот технологияларни жорий қилиш мақсадида республика олий ўқув юртлари орасида биринчи бўлиб ўқув жараёни кредит-модул тизими ва электрон ўқитиш тизими (moodle.sammi.uz) ишга туширилди.

 Кредит-модул тизимида ҳозирда институтда таълим берилаётган барча йўналишларда ўқув материаллар билан тўлиқ тўлдирилган. Видео-дарсликлар, электрон шаклдаги дарсликлар, маъруза ва амалий машғулотларга тайёргарлик кўриш учун материаллар, тест назорати, вазиятли масалалар ва бошқа топшириқлар тизимли равишда жойлаштирилган.

Талабалар ўзлаштиришини баҳолаш улар томонидан тест саволлари, расм кўринишида ва амалий жараён кўринишида бўлган топшириқларни бажаришларини баҳолаш орқали амалга оширилади. Жараён назорати факультет деканлари томонидан олиб борилади.

Табаларга қўшимча қулайликлар яратиш ва янги маълумотлар бериш мақсадида институт томонидан қуйидаги телеграм каналлар ҳам фаолият юргизмоқда:

Elektron darslar:

https://t.me/sammi_qr

Audio darslar:

https://t.me/sammi_audio

Video darslar:

https://t.me/sammi_video