СамДТУ кўп тармоқли клиникасида юқори технологияли нейрожарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди
Бош мия ўсмалари ва эпилепсия касаллиги ҳозирги кунда ҳам нейрохирургия йўналишидаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Беморларда ҳаёт сифати ва меҳнатга лаёқатлиликнинг пасайиши ушбу касалликларни замонавий каминвазив усуллар билан бартараф этиш бўйича изланишларни олиб бориш аҳамиятини янада оширади. Ҳозирги кунда эпилепсияни даволашда қўлланилаётган антиконвулсант (антиэпилептик) препаратлар 80-85 фоиз ҳолатларда самара беради. Аммо қолган 15-20 фоиз беморларда ушбу препаратларни қабул қилиш фонида ҳам эпилептик хуружлар давом этаверади ва эпилептик хуружларни тўхтатиш ёки камайтириш имконияти бўлмайди. Бу ҳолат тиббиётда фармакорезистент эпилепсия дейилади ва бундай беморларда хирургик йўл билан даволаниш талаб этилади.
Бу йўналишда СамДТУ “Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази” профессор-ўқитувчилари университет кўп тармоқли клиникасининг нейрохирургия бўлими врачлари билан биргаликда Россия Федерациясининг Тюмень шаҳридаги Федерал нейрохирургия марказида, Туркиянинг Истанбул ва Измир шаҳарларидаги етакчи нейрохирургик клиникаларда гипофиз аденомалари ва фармакорезистент эпилепсияни эндонейрохирургик усулда бартараф этиш бўйича малакаларини оширишди ва амалий кўникмаларга эга бўлишди. Шу билан бирга мазкур юқори технологияли нейрожарроҳлик амалиётларини бажариш учун СамДТУ ректорати амалий ёрдами билан кўп тармоқли клиниканинг нейрохирургия бўлими замонавий нейроэндоскопик ускуна ва электрон-оптик конвертор – C-арм (ЭОП) билан қўшимча жиҳозланди. Натижада клиникада илк бор гипофиз аденомаларини нейроэндоскопик усулда трансназал транссфеноидал олиш операцияси амалиётга жорий этилди.
Ҳозирги кунга қадар 25 нафар беморда мазкур нейроэндоскопик амалиётлар бажарилди. Беморлар кўришнинг пасайиши, ортиқча вазн, акромегалия, кўкракдан сут ажралиши, қандсиз диабет, қон босимида ностабиллиги каби шикоятлар билан мурожаат қилишган. Операциядан кейинги даврда уларнинг барчасида кўриш фаолияти яхшиланган, эндокринологик бузилишлар стабиллашган, умумий аҳволи яхшиланган, қон босими мўътадиллашган.
Нейрохирургия бўлимига А. исмли 11 ёшли, ҳамда С. исмли 23 ёшли бемор бир кунда 7-8 мартагача тутқаноқ хуружлари кузатилиши, тутқаноққа қарши дориларни юқори дозада қабул қилса ҳам самараси бўлмаганлиги шикояти билан мурожаат қилган. 2023 йил 11 ноябрда беморларга юқори технологияли “Нейроэндоскопик горизонтал гемисферотомия” операцияси ўтказилди. Операциядан кейинги даврда иккала беморнинг умумий аҳволи қониқарли, соматик аъзолари кўрсаткичлари стабил, неврологик дефицитлар, нутқ ва ҳаракат бузилишлари кузатилмади. Энг асосийси, операциядан олдин кузатилган тутқаноқ хуружлари операциядан кейин даврда қайд этилмади. Беморларга қониқарли аҳволда уйига жавоб берилди.
Ҳозирги кунда СамДТУ кўп тармоқли клиникасининг нейрохирургия бўлимида спинал эндоскопик операциялар, эндоскопик усулда бош мия нейрохирургик касалликлари, жумладан, гипофиз ва калла асоси ўсмаларида, гидроцефалиялар ва арахноидал кисталарда миниинвазив операциялар, ЭОП аппарати ёрдамида спинал ва стереотаксик нейрохирургик амалиётларни ҳамда нейромодуляцияни ривожлантиришни амалиётга жорий этиш бўйича ишлар олиб бориляпти.
СамДТУ кўп тармоқли клиникаси ахборот хизмати.