СамДУ Иштихондаги мактаб билан ҳамкорлик ўрнатди

Иштихон туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабида математика ойлиги доирасида СамДУ механика-математика факультети билан ҳамкорликда семинар-тренинг ўтказилди.
Унда 2020 йил ОТМларга қабулдаги янгиликлар, Самарқанд давлат университетидаги таълим йўналишлари, математика фанининг аҳамияти, бошқа фанлар билан боғлиқлиги бўйича маърузалар тингланди.
- Бугун математика фанини ривожлантиришга бежиз эътибор қаратилмади, - дейди СамДУ доценти Р.Мардиев. – Чунки математика аниқ мантиқий мушоҳадаларга асосланган фандир. Бу фан жуда қадимдан ривожланган бўлиб, ҳар бир фанни ўрганишда албатта, математика элементларидан фойдаланилади. Шунинг учун, мактаб давриданоқ фанни чуқур ўрганиш, математик амалларни тўғри бажариш, тенгламаларни тузиш, формулаларни ёд олиш жуда муҳим.
Семинарда мактабда геометрия фанини ўқитишда юзага келаётган муаммолар, фан бўйича тайёрланаётган ўқув қўлланмалар ва дарсликлар тўғрисида ўқитувчилар билан фикр алмашиниб, улар учун СамДУ доцентлари томонидан мастер класс ўтказилди.