СамДУ олимлари ва талабалар Бельгияга боради

Бельгиянинг Брюссел шаҳрида Европанинг ERASMUS+ дастури асосида «Ўзбекистонда телекоммуникация меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш учун фотоника ва оптик алоқалар бўйича янги магистратура (INMACOM)» лойиҳаси доирасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Брюссел ва Тент, Италиянинг Турин политехника университетлари ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети, СамДУ, ЎзМУ ва ТАТУ Урганч филиали профессор-ўқитувчилари ҳамда «Ўзбектелеком» ташкилотидан мутахассислар иштирок этди.

- INMACOM лойиҳаси олий таълим тизимидаги нуфузли дастурлардан саналади, - дейди тадбирда қатнашган Самарқанд давлат университетининг биринчи проректори, профессор Аҳмаджон Солиев. – Учрашувда ушбу лойиҳанинг йиллик ҳисоботи ва кейинги йилда бажарилиши лозим бўлган режалари муҳокама қилинди. Ҳар бир ҳамкор университет лойиҳа доирасида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот берди. Хусусан, 2023-2024 ўқув йилида университетимизда фотоника бўйича магистратура йўналиши очилди. Республикада ягона саналган ушбу магистратура мутахассислиги бўйича дарс машҳулотлари Европа университетларида тузилган ўқув режа ва фан дастурлари асосида ташкил этилган. Учрашувда биз ушбу йўналишда ҳозиргача амалга оширилган ишларни тақдим этдик.

Тадбирда иштирокчилар ҳамкор вакиллар билан Европа университетларида таълим жараёнларини ташкил этиш ва таълим сифатини назорат қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди ҳамда Брюссел университетидаги мавжуд илмий ва ўқув лабораториялари фаолияти билан танишди.

Тадбир якунида Брюссел университети ҳамда Самарқанд давлат университети ўртасида 2025 йилнинг февраль ва март ойларида СамДУдаги фотоника мутахассислигида таҳсил олаётган 2 нафар магистратура талабаси ҳамда 2 нафар профессор-ўқитувчи Брюссел университетида амалиёт ўташига келишиб олинди.

Абдувоҳид Жумабоев.