СамИСИда қўшма дастур асосида ўқийдиган талабаларга замонавий ўқув хоналари фойдаланишга топширилди
Бугун Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар асосида таълим олувчи талабалар учун махсус аудиториялар янгидан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди.
- Ушбу янгидан таъмирланган ўқув биноси талабаларимизнинг замонавий билимларни эгаллашларига, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшадиган етук кадрлар бўлиб етишишларига хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида ривожланаётган юртимизнинг сиёсатига тўлиқ мос келади, – деди тадбирни очиб берган институт ректори Муҳиддин Пўлатов.
Бинони таъмирлаш ва жиҳозлаш жараёнлари 2020 йилнинг сентябрь ойида бошланиб, декабрь ойида фойдаланишга топширилди.
Ўқув аудиториялари ультрабук, планшет, смарт экран ва шу каби энг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган бўлиб, кенг ва ёруғ, бугунги куннинг етук кадрларини яратиб бериш учун барча қулайликларга эга. Ҳар бир хона юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган, ҳамкорликда олиб бориладиган дарслар, конференсиялар ҳамда илмий анжуманларни ўтказиш учун қулай.
Институт Тамбов давлат университети, Владимир давлат университети, Қозон давлат университети, Варшава давлат университетлари билан 3+1 қўшма дастури асосида келишув имзолаган. Институтда қўшма дастур асосида ўқишга қабул қилинган талабалар 3 йил ушбу институтда, 1 йил хориж олий таълим муассасасида таҳсил олади.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ахборот хизмати.