Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамИСИ Испаниянинг Ҳуелва университети билан ҳамкорлик қилади

Бугунги кунда ҳар бир давлатнинг ривожланиш даражаси нафақат ижтимоий, иқтисодий кўрсаткичлар билан белгиланади, балки кўп жиҳатдан олий таълим муассасаларида шаклланадиган интеллектуал салоҳият билан тавсифланади. Зеро, айнан таълим тизимида яратилган илмий-техника тараққиётининг асослари мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминловчи муҳим омили ҳисобланади. Шунинг учун ҳам барча мамлакатларда таълимни ривожлантириш,  аҳолининг интеллектуал салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда ҳам аҳолининг касбий, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мамлакатимизни ривожлантиришнинг “Ўзбекистан - 2030”  стратегиясида ҳар бир олий таълим муассасаси хорижий етакчи университет ва марказлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиши, ТОП – 500 таликка кирувчи университетлар билан қўшма таълим дастурларини яратиш орқали икки томонлама диплом тизимини жорий қилиш, Ўзбекистоннинг 10 та олий ўқув юртини дунёдаги ТОП - 1000 рейтингига киритишга эришиш, 30 та ОТМни халқаро аккредитациядан ўтказиш каби вазифлар белгиланган.

Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ректорлари конференцияси ўтказилди.

Конференция Испаниянинг Кадис университети базасида ташкил этилиб, унда таълим ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди, давра суҳбати ҳамда ўзбек – испан марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти Испания Қироллиги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигини 2012-2013 йиллардан бошлаган. Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури доирасида турли лойиҳаларда Испаниянинг бир қатор олийгоҳлари билан биргаликда фаолият олиб борилган. Жумладан, CANEM I, CANEM II, KA 107 лойиҳаларида ҳамкорликда ишлаганмиз. Кейинчалик Испаниянинг Гранада ва Лас Палмас Де Гран Канария университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган ва талаба-ходимлар академик мобиллиги йўлга қўйилган, қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар амалга оширилган. Erasmus+ дастури доирасида 2017 йилда Гранада университети (UGR) билан англашув меморандуми имзоланган.

Испания Европанинг етакчи таълим марказларидан бири бўлиб, кенг доирадаги, юқори даражадаги олий таълим дастурларини таклиф этади. Испания университетлари юқори халқаро эътирофга эга ва дунёдаги энг яхшилар қаторига киради. 2023 QS World University Rankings рейтингида дунёдаги энг яхши 1000 та университетнинг 24 таси Испанияда жойлашган (QS Quacquarelli Symonds Limited). 2023 Times Higher Education World University Rankings рейтингида эса энг яхши 1000 та университетидан 27 таси Испанияга тегишли (THЕ - Times Higher Еducation). Мамлакатнинг 5 та энг нуфузли университети барқарор равишда топ - 300 олийгоҳлар қаторида юради.

Испаниядаги олий таълим (Enseñanza Universitaria) умумевропа ва жаҳон стандартларига, шунингдек, Болония жараёни нормаларига мувофиқ уч босқичда олиб борилади:

  • Grado – бакалавр даражаси;
  • Máster – магистр даражаси;
  • Doctorado – докторантура даражаси.

Испания таълим тизими олий ўқув юртларида ўқиш учун тўловларни талаб қилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, олий таълим фақат олий таълим муассасаларида олинади. Давлат университетлари хусусий университетларга қараганда нуфузли ҳисобланади. Испаниядаги барча университетлар автономдир ва талабалар дастурига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга. Университетларда ўқув йили одатда октябрдан июнгача давом этади. Кўпгина испан университетлари фақатгина испан тилида таълим беради. Хорижий абитуриентларга испан тилида тайёрлов курслари таклиф этилади, улар ҳуқуқ, иқтисодиёт, тиббиёт ва бошқа соҳаларга ихтисослашган бўлиши мумкин. Ҳар йили испан университетларида инглиз тилидаги дастурлар сони ортиб бормоқда.

Испаниянинг Кадис университети базасида ўтказилган конференцияда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш, икки давлатда олий таьлим трансформацияси каби мавзуларга бағишланди.

Ушбу конференция доирасида ректорлар томонидан Ўзбекистон ва Испания таълим тизимлари тўғрисида тақдимотлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилди.

СамИСИ ва Испания университетлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида бакалавриатда туризм, магистратурада иқтисодиёт, менежмент  йўналишларида академик алмашинувни ташкил этиш, туризм ва сервис йўналиши талабаларининг амалиёт ўташини йўлга қўйиш, магистрант ва докторантлар стажировкасини ташкил этиш, Эрасмус+ дастури доирасидаги танловларда ҳамкорликда тайёрлаган лойиҳалар билан қатнашиш, Испания университетлари профессор-ўқитувчиларининг бизнинг институт томонидан ташкил этилган илмий конференция ва семинарларда қатнашишини  таъминлаш ҳамда қўшма докторантураларни ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.

Конференция якунлари бўйича Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Испаниянинг Ҳуелва университетлари ўртасида халқаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти (SamIES) ва Ҳуелва университети (UHU) ўртасида ҳамкорлик истиқболлари жуда кенг. Ҳар икки олийгоҳ ўз мамлакатларида иқтисодиётнинг турли соҳаларига малакали кадр тайёрлаб берувчи етакчи олий таълим муассасалари ҳисобланади.

Ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири бу талабалар ва ўқитувчилар алмашинувидир. Биз бу борада қўшма алмашинув дастурларини ишлаб чиқишимиз мумкин.

Бундан ташқари Ҳуелва университети билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш, илмий мақолалар ва адабиётлар нашр этиш, шунингдек, конференция ва семинарлар ташкил этишда ҳамкорлик қилмоқчимиз.

Мамлакатимиз ва Испания олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, турли йўналишларда ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Муҳиддин Пўлатов,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори.