Самарқанд давлат тиббиёт институти Ургутдаги 36 та мактабни оталиққа олди

Бугун, 27 ноябрь куни Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори Жасур Ризаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ургут туманида бўлиб, туманнинг 36 та умумтаълим мактаблари директорлари билан учрашди.

Тадбирда олий таълим даргоҳи ва умумтаълим мактаблари ўртасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Институт эндиликда мазкур мактабларда юқори синф ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, олий таълимга ўқишга кириш учун тайёрлов курслари ташкил этиш, мактабларда “Олимлар, профессорлар куни” тадбирларини ўтказиш, “Қувноқ стартлар”, “Ректор кубоги” каби мусобақаларни уюштириш, мактаб ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга кўмаклашади.

Шунингдек, туман мактаблари ўқувчиларининг институт қошидаги академик лицейда таълим олишлари учун алоҳида квоталар жорий этиш ҳам режалаштирилди.

СамДТИ ахборот хизмати.