СамИСИ: Магистратурага қабул ва ўқишни кўчириш борасида шаффоф механизм йўлга қўйилди
Бундан кейин магистратурага қабул қилишда ҳеч қандай инсон омили рол ўйнамайди. Барчаси рақамлашган ҳолда онлайн тарзда амалга оширилади, талабгорлардан имтиҳонларда қатнашиш талаб этилмайди. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Муҳиддин Пўлатов жараёнлар бўйича ўзининг шу ҳақдаги мақоласида сўз юритади:
Жорий ўқув йилидан магистратурага қабул қилиш ҳамда талабалар ўқишини кўчириш борасидаги ўзгаришлар ҳам олий таълим муассасалари учун, ҳам талабалар учун ҳар томонлама қулай бўлганини қайд қилиб ўтиш ўринли.
Юқорида айтилганидек, магистратурага қабул қилишда ҳеч қандай инсон омили рол ўйнамайди, барчаси рақамлашган ҳолда онлайн тарзда амалга оширилади, талабгорлардан имтиҳонларда қатнашиш талаб этилмайди. Шунчаки, бакалавриатда яхши баҳоларга ўқиган бўлса ҳамда чет тили бўйича сертификати бўлса бас, марҳамат, магистратурага имтиҳонсиз кириб ўқиши мумкин. Эндиликда номзодлар бакалавриатда олган баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ва чет тилини билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро сертификат баллига қараб, баллар кетма-кетлиги асосида саралаб олинади.
Чет тили сертификати борасида бўлаётган айрим эътирозлар борасида айтиш мумкинки, бугунги кун педагоги, айниқса олий таълим тизимида дарс беришни ният қилган ҳар бир мутахассис замонавий хорижий тилларни билиши талаб этилади. Хорижий тилларни билмасдан таълимни ривожлантириб бўлмайди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий ўқув йилидан бошлаб контракт асосида магистратурада ўқийдиган хотин-қизларнинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилиши белгиланганлиги хотин-қизларнинг олий таълим билан қамровини ошириш борасидаги улкан қадам бўлди.
Эндиликда ёзги қабулда магистратура квоталари тўлмай қолган тақдирда, январь ойида ҳам қабул ўтказилиши мумкин. Бунинг учун ҳужжатлар декабрь ойида қабул қилинади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб талабалар ўқишини давлат олий таълим муассасаларига кўчириш бўйича қуйидагича тартиб жорий этилди:
- хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда:
- талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади;
- ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
- хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди.
Давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги икки ҳолатда рухсат берилади:
- талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
- давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.
Талабалар ўқишини республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан:
- давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириш худди хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан кўчириш тартибида;
- давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда, тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади.
Aйтиш мумкинки, шу кунга қадар кўплаб абитуриентлар кейинчалик бошқа йўналишларга ўқишини кўчиришни режалаштириб, кириш баллари паст бўлган таълим йўналишларига ҳужжат топшириб келар эди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб жорий қилинган тартибга кўра бундай ҳолатларнинг олди олинади. Aбитуриентлардан қунт билан ўқиш, замонавий билимларни пухта эгаллаш талаб этилади.