"Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси огоҳлантиради: Кремли маҳсулотлар истеъмол қилишда ҳушёр бўлинг!
Кейинги пайтларда кремли қандолат маҳсулотлари истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланиш ҳолати юзага келмоқда.
Торт, пирожнье ва кремли ширинликлар бугунги кунда ҳар бир байрам дастурхонининг ажралмас қисми. Улар байрам кайфиятини яратади. Лекин нотўғри тайёрланса ёки сақланса, овқатдан заҳарланиш хавфини келтириб чиқаради. Айниқса, кремли маҳсулотлар санитария талабларига риоя қилинмаган шароитда тайёрланганда соғлик учун жиддий хавф туғдиради.
Кремли ширинликлар жуда тез бузилувчи маҳсулотлар сирасига киради. Уларнинг яроқлилик муддати одатда 24 соат, айрим ҳолларда 48 соатгача бўлади. Торт, пирожнье ва кремли ширинликларни харид қилиш пайтида ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатини синчиклаб текширинг. Белгилари ўчган, устидан ёпиштирилган ёки ўзгартирилган маҳсулотларни харид қилманг.
Кремли торт ва ширинликлар +2°C дан +6°C гача бўлган ҳароратда сақланиши шарт. Акс ҳолда, уларнинг таркибида бактериялар, хусусан, салмонелла ва стафилококк тез кўпаяди ва бунинг оқибатида заҳарланиш ҳолати келиб чиқиши мумкин. Уй шароитида тортни фақат музлаткичда сақланг. Хона ҳароратида 2 соатдан ортиқ қолдирманг.
Сифатли кремли ширинликнинг ҳиди ёқимли, креми силлиқ бўлади. Агар ҳиди нордонлашган бўлса, крем устида сув ажралган бўлса, безак мевалари чириётган бўлса, у маҳсулот истеъмол учун яроқсиз. Кремли ширинликлар фақат санитария талабларига риоя қилинадиган, сертификатга эга қандолат корхоналарда тайёрланиши керак. Кўчада ёки бозор атрофида сотилаётган тортлардан сақланинг.
Уй шароитида кремли ширинлик тайёрлаш соғлиқ учун хавфли. Чунки санитария талабларини тўлиқ бажариш имкони йўқ. Ишлатиладиган тухум, сут ва қаймоқ етарли даражада қайнатилмайди. Хона ҳарорати ва идишларнинг тозалиги назорат қилинмайди. Оқибатда бундай маҳсулотлар тез бузилади ва овқатдан заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.
Кремли ширинликлар болалар организми учун, айниқса, хавфли. Чунки уларнинг иммун тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган. Шунинг учун мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда кремли торт, пирожнье, кремли пишириқлар таомномага киритилмаслиги керак. Болаларга мўлжалланган тадбирларда торт ва турли хил кремли қандолат маҳсулотлари олиб келмаслик, уларни болаларга бермаслик лозим.
Заҳарланиш белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!
Ўзингиз ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйманг. Сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш – заҳарланишни олдини олишнинг энг самарали усулидир.
"Санэпидқўмита" Самарқанд вилоят бошқармаси.