Сардор Нуруллаев: Чемпион бўлиш учун орзунинг ўзи камлик қилади

Туркиянинг Конья шаҳрида “V Ислом бирдамлиги” спорт ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси 265 нафар спортчи билан 24 спорт туридан қатнашиб,  51 та олтин, 42 та кумуш, 65 та бронза, жами 158 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Терма жамоамиз таркибида вилоятимиздан 19 нафар спортчи 10 спорт туридан иштирок этиб, 16 та медаль (4 та олтин, 7 та кумуш, 5 та бронза) олди. 

Улар орасида ака-ука дзюдочи Сардор ва Кемран Нуруллаевлар ҳам бор. 

Ушбу мусобақада Сардор олтин медални қўлга киритган бўлса, Кемран кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, спортчилар фаолияти давомида Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори бўлишган. 

– Ўзим дзюдочи бўлганим учун болаларимда ҳам ушбу спорт турига қизиқиш катта бўлган, – дейди спортчиларнинг отаси Илҳом Холиқов. - Ўзбекистон ва Осиё чемпионатлари, халқаро мусобақалар совриндори бўлганман. Фарзандларим билан ёшлигидан машғулотларни биргаликда олиб бордик, мусобақаларга олиб  чиқдим. Меҳнатларим бесамар кетмади. Ўғилларим фаолиятимни давом эттириш билан бирга,  Ўзбекистон, Осиё чемпионатларида ва  нуфузли мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтармоқда. Улар билан фахрланаман. 

Сардор Нуруллаев 1994 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. 10 ёшидан дзюдо билан шуғулланган. 15 ёшида илк марта ёшлар ўртасида Осиё чемпиони бўлган. 1997 йилда туғилган Кемран эса 18 йилдан буён дзюдо билан шуғулланиб келади. 2012 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони, олимпия ўйинлари иштирокчиси ва Ислом бирдамлиги ўйинларида кумуш медални қўлга киритган.

– Спортчи ҳар бир рақибига қарши ўзига хос тактика билан чиқади, – дейди Сардор.  – У меъёрида такаббур, меъёрида муросасиз бўлиши лозим. Лекин биринчи навбатда, яхши инсон бўлиши ва рақиб билан ҳалол курашиши керак. Отам доим буни бизга уқтириб, ўз устимизда ишлашга ундайдилар. 2009 йилда илк марта ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида ғолиб бўлганимда спортчи учун энг муҳими юрт байроғини баланд кўтариш, ота-она, устозлар ишончини оқлаш эканлигини тушундим. Шундан кейин ўзимга бўлган ишонч янада ошди ва дзюдо бўйича катталар ўртасида ўтказилган мусобақада Осиё чемпиони, жаҳон чемпионатида бронза медаль соҳиби, Токио олимпидаси иштирокчиси ва халқаро турнирлар ғолиби бўлдим. 

Яқинда Ислом бирдамлиги ўйинларида 66 килограмм вазн тоифасида финалда марокашлик Абдураҳмон Боушитани мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритдим. Чемпион бўлиш учун фақат орзу қилишнинг ўзи камлик қилади. Ўзимиз меҳнат қилишимиз, ўз устимизда ишлашимиз зарур. Ҳозирда укам иккимиз терма жамоа билан биргаликда Озарбaйжон пойтахти Боку шаҳрида бўладиган навбатдаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўряпмиз. Насиб қилса, яна Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, олтин медални қўлга киритамиз.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.