Саудия Арабистони компанияси Самарқандда 1000 МВтли қуёш электр станцияси қуриши кутилмоқда
Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар тарқатди. Таъкидланишича, бугун Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш ишларини бошлаш маросими бўлиб ўтган.
Эришилган келишувларга мувофиқ, Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси электр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради, қуради, ишга туширади, 25 йил давомида фойдаланади ва бошқаради.
Тадбир доирасида, шунингдек, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва ACWA Power компанияси ўртасида Самарқанд вилоятида қуввати 1000 МВт, Тошкент вилоятида қуввати 400 МВтли қуёш электр станцияларини ҳамда 1200 МВт қувватга эга автоном электр токини жамловчи батареясини қуриш бўйича Инвестициявий битимлар имзоланган.
Айтилишича, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида йилига 3,5 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 1 млрд. куб/метр миқдорида табиий газ тежалади.
Маълумот учун: ACWA Power компанияси электр станциялари, шунингдек, сувни чучуклаштириш заводларини лойиҳалаш, қуриш, молиялаштириш ва улардан фойдаланишга ихтисослашган. Ходимлар сони тахминан 3500 кишидан иборат. Компания Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 12 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритиб келади. ACWA Power портфелига 38,7 ГВт.дан ортиқ ишлаб чиқариш қувватига эга объектлар киради.