Савдода сабр ва иймон синови

Устозим Имоми Аъзам ҳазратларининг савдо карвони ҳақидаги икки хил хабарга билдирган жавоблари мени лол қолдирган эди: «Олгувчи ҳам, бергувчи ҳам Аллоҳ!».

Орадан йиллар ўтса-да, ўша сўзлар қалбимдан ўчмади. Ақлни шоширадиган миқдорда олтин топсам ҳам, ҳаддан ортиқ қувониб кетмадим. Оғир кўнгилсизликларга дуч келганимда эса ёқа йиртишга шошилмадим.

Бир куни фақат ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа содир бўлди. Бозорда бир олибсотар билан учрашиб қолдим. У менга катта миқдорда тери ва чилвир буюртма қилди. Пулини молни олгач беришини айтди. Ишондим. Чунки лафз — инсоннинг тириклигидир; лафзсиз одам ўликдан фарқ қилмайди.

Орадан икки ой ўтиб, буюртма қилинган молни тўлиқ етказдим. У молни қабул қилди ва пулини эртаси куни беришини айтди. Аммо шу молларга бутун сармоямни тикканимни у билмас эди. Эртаси куни эса ундан дарак бўлмади.

Бу орада газлама ва мўйна олиб келишим шарт эди. Мижозлар бетоқатлана бошлади. Ноилож, газлама харид қилиш учун бир танишимдан катта миқдорда қарз олдим. Муддатни бир ой деб белгиладик. Тери буюртма берган чайқовчи эса, узоғи йигирма кунда пулимни қайтаришга ваъда берди.

Савдо карвоним билан қайтиб келганимда роса бир ой ўтган эди. Қарзимни узиш учун чайқовчидан пул сўрадим. У яна муддат сўради. Фақат қарзининг ўндан бир қисмини қайтарди. Жаҳлим чиқди, аммо устозимнинг насиҳатлари ёдимга тушиб, ўзимни тийдим. Унга сўнгги муддатни бердим ва танишим олдига бориб узр сўрадим.

Танишимга пул жуда зарур экан. Икки кун ичида молимни ярим баҳосида сотиб, қарзни қайтардим. Касодга учрадим.

Яқин бир йил давомида на газлама, на мўйна олиб кела оладиган даражада сармоясиз қолдим. Чайқовчи эса ваъдасида турмади. Фақат олти ой ўтгачгина қарзини қайтарди. Мен жаҳл қилмадим. Пулни олдим ва олибсотарлар билан иш қилмасликка аҳд қилдим.

Хуллас, ортиқча хурсандчилик — ғурурга, ортиқча ғам эса омадсизликка сабаб бўлар экан. Ўшандан бери на ғамларга ҳаддан зиёд куйинаман, на хурсандчиликларга ортиқча суюнаман.

Абдуллоҳ ибн МУБОРАК.