“Саховат” уйида яшовчи пенсионернинг пенсияси 20 фоизгача оширилади

2021 йил 25 мартда “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 1 апрелидан “Саховат” интернат уйлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсиялар миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача ошириладиган бўлди.

Мисол учун, “Саховат” уйида яшовчи пенсионернинг “Саховат” уйига кўчиб келгунга қадар 1 545 600 сўм пенсия олган, кўчиб келгандан сўнг унга “Фуқароларга давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 60-моддасига асосан пенсия тўлови 10 фоиз миқдорида амалга оширилган, яъни 154 560 га сўм тўлана бошланган.

Ушбу Фармон асосида унга тўланадиган пенсия миқдори 20 фоизга ўзгартирилади ва 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 309 120 сўм миқдорида тўлана бошланади.

Д.Турсунқулова,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси кадрлар бўйича бош мутахассиси.