Сиёсий имтиҳонларга қандай тайёргарлик кўриляпти?

Бу йил халқ ноиблари сайланиши кутиляпти. Бу жараёнда номзодлар фақат сиёсий партиялардан кўрсатилишини ҳисобга олиб, бу тузилмаларнинг вилоят Кенгаши раисларига бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. Илк суҳбатдошимиз Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши раиси Бахтиёр Абдуллаев.

- Вилоятимизда 500 нафарга яқин депутат фаолият олиб боради. Лекин аҳолининг аксарияти депутатларини танимайди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?

- Сайловчиларнинг депутатларни танимаслигининг сабаблари турлича. Аввало, аҳолининг қайсидир қисмининг эътиборсизлиги ёки лоқайдлиги бўлиши мумкин. Чунки одамлар орасида нафақат депутат, балки ўзининг раҳбари ёки ҳокимларни танимайдиганлар учрайди.

Албатта, халқ билан кам учрашадиган депутатларимиз ҳам бор. Яна бир сабаб, кўпинча депутат учрашувга борганда маҳалладаги фаоллардан бошқалари келмаслиги  кузатилади. Қачонки бошига бир иш тушса ёки нимадир керак бўлсагина депутатни ахтариб қоладиганлар бор.

Менимча, аксарият сайловчилар танийдиган депутат албатта, нафақат аҳоли билан учрашувга чиқиши, балки матбуот орқали, телевидение, радио, газета ва турли ижтимоий тармоқларда тез-тез кўриниб туриши керак.

- Вакиллик органига унинг номзодини қайсидир партия кўрсатган бўлишига қарамай, айрим депутатлар ҳатто ўша сиёсий тузилма билан ҳам яқин ҳамкорлик қилмайди. Шундай бўлишига қарамасдан, бугунги кунгача бирор депутат чақириб олинган эмас.

Нима деб ўйлайсиз, вакиллик органларига мустақиллик берилаётган бир пайтда бу институтни ишлатиш айни муддао бўлмайдими?

- Сиёсий партиялар билан алоқани узган депутат? Бизда бунақаси йўқ, лекин фаоллиги суст бўлганлари учрайди, уларга ҳам тушунча берилиб, тарбиявий аҳамиятга эга чоралар кўрилади, ҳисоботлари тингланади.

- Умуман, жорий йилги сайловлар ўтган сафаргилардан тубдан фарқ қилиши табиий. Можаритар сайлов, ҳокимлар энди маҳаллий Кенгашларга раис бўлмаслиги каби кўплаб омиллар бунга сабаб бўлиши шубҳасиз. Бундай шароитда партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши сиёсий имтиҳонларга қай даражада тайёргарлик кўрмоқда?

- Албатта, сайлов тизимидаги ўзгартириш ва янги тартиблар ҳар бир партияга ўзига хос масъулият юклайди. Аввало, номзодларнинг муносибларини танлаш, партиянинг имиджини шакллантириш ва такомиллаштириш зарур. Бу борада режали ишлар, тадбирлар олиб борилмоқда. Ҳозирги сайловчиларимиз аввалгиларидан фарқли ўлароқ жуда фаол ва ўзларининг қатъий фикрлари, дунёқараши шаклланган.

- Сайлов ҳақида гап кетаркан, табиийки, жараёнлар олдидан партиялар беихтиёр фаоллашади. Айтингчи, ана шу жўшқинликни сақлаб қолиш мумкинми?

- Сайлов олдидан партиялар фаоллашиши табиий. Демак, табиий равишда доимий сайлов, яъни мусобақа, баҳс давомли бўлиши керак. Бунда маълум муддат, старт, давомийлик ва якуний хулосалар берилади.

- Яқинда ўтказилган тадбирда партия етакчиларидан бири «Биз сайлов вақти рақобатлашганимиз билан мақсадимиз бир, яъни ҳаммамиз вилоятни ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровон бўлишини истаймиз», деди. Бу партия етакчилари ҳам ўзаро рақобатга тайёр эмаслигини кўрсатмайдими?

- Бу саволни сувни лойқалатиш деб тушуниш мумкин. Чунки ўша тадбирда кўрилган масаланинг мавзуси аниқ эди. Тадбирда қатнашганингизда (масаланинг моҳиятига етмасдан, чала эшитган ҳолда эмас) бу саволни бермаган бўлар эдингиз. Чунки масала кенгаш фаолияти ва депутатлар сифат таркиби ҳақида эди, партиялар ва уларнинг рақобати ҳақида эмасди. Партиялар орасидаги рақобат сайловда ҳам, сайловдан кейин ҳам давом этади. Рақобат йўқ жойда ривожланиш тўхтайди. Лекин халқ депутатлари Кенгаши фаолиятида партиялар рақобати эмас, кўриладиган масала ечимига кўпроқ эътибор қаратилади ва бунда депутат фаолиятига баҳо берилиши мумкин. Шу сабабли қайси партиядан депутатликка номзод кўрсатилса ҳам унинг фаоллиги, халқпарварлиги ва масала ечимида билими бор кишини сайлаш кераклиги айтилди. Яъни, бунда қайси партиядан эканлиги муҳим эмас, дейилди.

- Партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши, унинг депутатлари фаолиятини 10 баллик тизимда нечага баҳолайсиз?

- Бундай баҳолаш тизими борлигини билмадим, лекин ҳали имкониятимиздан тўла фойдалана олганимиз йўқ ва бу борада кўп ишлашимиз кераклигини биламан.

- Жамият ҳаётида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун партия вилоят кенгашининг режалари қандай?

- Ўзбекистон экологик партиясининг дастури, устави ва сайловолди дастурларида бир қатор режалар, вазифалар келтирилган. Биз шу асосда иш олиб борамиз. Энг асосийси, «Биз келажак учун жавобгармиз» шиорига муносиб ишларни амалга оширамиз.

Ёқубжон Марқаев тайёрлади.