Сайловчилар муддатидан олдин овоз бермоқда

27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида 16 октябрдан муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди.

Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш учун вилоятимиздаги 1130 та сайлов участкасига сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари етказиб берилган.

Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бунинг учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиши лозим.

Самарқанд тумани Оқмачит маҳалласида яшовчи Ислом Нарзиқулов 27 октябрь куни сафарда бўлиши сабабли 865-сайлов участкасига келиб, ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда ўзи танлаган сиёсий партия ва депутатликка номзодларга муддатидан олдин овоз берди.

– Сайлов куни яшаш жойимда бўлолмаслигим туфайли бугун сайлов участкасига келиб, ўз фуқаролик ҳуқуқимдан фойдаландим, – дейди К.Мансурова. – Шу пайтгача бизнинг ҳудудда кимлар депутатликка номзодлиги, уларнинг дастурларида нима мақсадлар борлигини билиб олдим. Ўзим муносиб деб билган партия ва номзодларга муддатидан олдин овоз бердим.

Мазкур сайлов участкасида Оқмачит маҳалласида яшовчи 2500 дан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган.

– Ҳозирда маҳалладаги хонадонларнинг ҳар биридаги сайловчилар сонига аниқлик киритилиб, рўйхат такомиллаштирилмоқда, – дейди 865-участка сайлов комиссияси раиси Анвар Зоҳидов. – Ҳозирда участкада овоз беришни ўтказиш учун барча шароит яратилган. Зарур жиҳоз ва техник воситалар, сайловга оид қонун ҳужжатлари ва маълумотномалар билан таъминланганмиз. Бугундан бошланган муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш учун сайлов бюллетенлари, конверт ва бошқа воситаларни олганмиз.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, жорий йилги сайловда муддатидан олдин овоз бериш 2024 йил 16–23 октябрь кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 га қадар ўтказилади.

Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.