Сайловнинг расмий логотипи танланди
Сайлов – муҳим сиёсий жараён. Унинг боришини ОАВ вакиллари иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сайлов жараёни нечоғли кўп ёритилса, фуқароларнинг фаоллиги шу қадар ошиб, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий билими шу қадар кенгайиб бораверади.
Сайловларни яхши ва сифатли ёритиш учун эса, шубҳасиз, яхши шароит мавжуд бўлиши керак. Шу маънода, Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида журналистлар учун қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган.
Биринчи навбатда, журналистлар ўз фаолиятларини бемалол олиб бориши учун Матбуот маркази компьютер ускуналари билан тўлиқ таъминланган.
Матбуот марказида юқори тезликка эга WI-FI мавжуд. Шунингдек, матбуот марказида журналистлар учун буфет, яъни овқатланиш жойи ажратилган. Бу хизматдан ҳам марказга келган ҳар бир журналист бемалол фойдалана олади.
Бугунги тадбирда шу ва шу каби бошқа қулайликлар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, сайлов кампаниясининг ўзига хос имиджи – сайлов логотипи ҳам тақдим қилиниб, унинг тавсифи тушунтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини ўтказиш даврида кенг фойдаланиладиган рамзлар, сайловнинг “юзи” ҳисобланувчи логотип ҳамда бошқа атрибутларнинг кўриниши ва моҳиятини ишлаб чиқишда аввалги сайловларда орттирилган малака, шунингдек, замонавий дунё тажрибасига таянилган.
Дунё тажрибаси, хусусан, Россия, АҚШ, Франция, Корея Республикаси сингари мамлакатларнинг сайлов ўтказиш борасидаги амалиёти ўрганилганида, маълум бўлдики, ривожланган мамлакатларнинг аксарияти ўз сайлов кампаниясини ўтказиш чоғида фойдаланадиган логотипида учта жиҳат бўлишига алоҳида аҳамият қаратар экан. Булар муайян сана, ҳамма учун бир хилда тушунарли рамз, давлат байроғининг ранги ҳисобланади.
Асосийси, логотип ўзи билан зарур информацияни “ташиши” керак. Бу борада қарийб уч ой мобайнида изланишлар олиб борилди. Мазкур мақсадлар учун махсус фокус гуруҳи ташкил этилиб, унинг таркибига мамлакатимиз аҳолисининг барча қатлами, зиёлилар, ишчилар, хизматчилар, деҳқон-фермерлар, шунингдек, ёшлар, кексалар, эркаклар ва аёллар, умуман олганда, ҳамма тоифа вакиллари киритилди.
Н.Насриев, ЎзА