Самарқандда сайлов бошланди – ҳоким биринчилар қаторида овоз берди

Бугун мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бошланди.

7-Самарқанд сайлов округи ҳудудидаги 1112 та сайлов участкалари ҳам соат 8.00 да сайловчилар учун ўз эшикларини очди. Округ бўйича сайловчилар умумий сони 2 миллион 94 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Улар орасида 760 нафар ёшлар илк бор сайловда қатнашиб, овоз бериш имкониятидан фойдаланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган календарь режа асосида Самарқанд вилоятида ҳам Президент сайловига қизғин ҳозирлик кўрилди. Аввало, барча участкалар учун энг қулай бинолар танланиб, участка сайлов комиссиялари аъзолари, сайловчилар ва кузатувчилар учун зарур шароит яратилди. Барча участкаларда юқори тезликдаги интернет алоқаси таъминланди. Бугун вилоятдаги 32 та сайлов участкасидаги овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиш мумкин.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари тавсияси асосида тасдиқланган участка сайлов комиссиялари таркиби умумий сони 11823 нафарни ташкил этади. Уларнинг 77 фоизи аввал сайлов ва референдумларда қатнашган, бу борада тажрибага эга. Участка комиссиялари аъзолари учун бир неча босқичда ўқувлар ташкил этилиб, сайлов қонунчилиги ва муддатидан илгари Президент сайлови бўйича ўқитилди.

Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, шу йилнинг 28 июнь – 5 июль кунлари юртимизда мазкур жараён амалга оширилди. Самарқанд вилоятида ҳам 92 мингга яқин фуқаро бу ҳуқуқдан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз берди.

Бугун Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Самарқанд шаҳридаги 42-умумий ўрта таълим мактабида жойлашган 144-сайлов участкасига бориб, биринчилар қаторида овоз берди.

Мазкур сайлов участкасида шаҳардаги Боғдод, Орзу, Раҳматобод маҳаллаларида яшовчи 2877 нафар фуқаро овоз беради. Уларнинг 27 нафари илк бор сайловда иштирок этмоқда. Участка бўйича 67 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берган. 40 нафар фуқаро бугун яшаб турган жойидан овоз бериш учун комиссияга мурожаат қилган.