Сайёрадаги энг бой одам номи аниқланди
Forbes: LVMH эгаси Бернард Арно сайёрадаги энг бой одамга айланди.
Ҳашамат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси LVMH (LVMH Moet Hennessy — Louis Vuitton) эгаси Бернард Арно Forbes`нинг сайёрадаги энг бой одамлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 211 миллиард долларга баҳоланмоқда. Журнал рейтингнинг аввалги етакчиси миллиардер Илон Маск иккинчи ўринга тушиб кетганини қайд этган.
Рўйхатнинг деярли ярми бир йил олдингига қараганда “камбағалроқ” бўлди, жумладан, “Twitter”ни қимматга сотиб олгани туфайли акциялари пастга тушган Тесла эгаси ҳозирда 2-ўринни эгаллайди. Унинг бойлиги бир йил аввал 219 миллиард доллар бўлган бўлса, ҳозирда 180 миллиард долларга тушди.
Бернард Арно энг бой одамлар рўйхатида етакчилик қилган биринчи Франция фуқароси бўлди.
Рейтингдаги учинчи ўринни 114 миллиард доллар бойлиги билан “Amazon” онлайн-савдо яратувчиси Жефф Безос эгаллади. Тўртинчи ўрин “Oracle” корпорацияси асосчиси Ларри Эллисонга тегди, унинг бойлиги 107 миллиард долларга баҳоланмоқда.