School 21 IT мактаби 1 ёшда: Тингловчилар нималарни ўрганишди?

Самарқанд шаҳридаги School 21 технологиялар мактабида тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ёшлар ишлари, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, ТАТУ Самарқанд филиали раҳбарлари, хорижлик ҳамкорлар иштирок этди.

Тадбирда мактаб жамоаси бир йил давомида эришган ютуқлари ва ҳамкорлик лойиҳаларини тақдим этди.

- Ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, - деди мактабнинг ижрочи директори Зарина Лухманова. - Бу масканда мамлакатнинг рақамли трансформацияси, IT саноати ва бизнеси учун малакали мутахассислар тайёрланади. Мактаб юртимиз ва қўшни давлатларнинг 18 ёшдан ошган барча аҳолисига IT соҳасида талаб юқори бўлган касбни бепул эгаллаш имконини беради. Асосий таълим давомида иштирокчилар C, C++, Java, Python, Go, SQL вa Kotlin каби тилларни ўзлаштиради, шунингдек, улар DevOps воситалари билан танишишлари, ПО архитектураси, мобил ишланмалар ва IT соҳасидаги бошқа йўналишлар билан шуғулланишлари мумкин.

School 2'1га қабул учун аввалги билим, иш тажрибаси, дастурлаш қобилияти ёки дипломнинг борлиги муҳим эмас. Сабаби, лойиҳада иштирок этувчиларнинг 50 фоизидан ортиғи учун бу биринчи дастурлаш тажрибасидир. Мактабда таълим мураббийлар, маърузалар ва баҳоларсиз бўлади. Фақат амалий лойиҳалар устида индивидуал ёки жамоавий иш олиб бориладиган «Тенгдош - тенгдошга» таълим услуби қўлланилади. Бундан ташқари, мактаб кампуслари 24/7 режимда очиқ бўлганлиги сабабли ҳар бир иштирокчи ўзи учун қулай ўқув жадвалини тузиши мумкин.

Ўқув жараёни рақамли таълим платформасида ўтказилади. Бу ўйин механикасига асосланган технологик маҳсулот бўлиб, мактаб методологиясини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга ҳамда таълим дастурларини ҳозирги бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда, тезда мослаштиришга имкон беради.

Таълим иштирокчининг хоҳишига кўра, 1,5 йилдан 3 йилгача давом этади. Бундан ташқари, 9 ойлик ўқув машғулотларидан сўнг ҳар бир иштирокчи амалиёт ўташи мумкин. Чунки, бу даврда улар камида учта зарур дастурлаш тиллар жамланмасини ўзлаштирган ва SQL ҳамда DevOpsни тушунадилар.

- Ярим йилдан ортиқ вақтдан бери ушбу мактабда бошланғич тайёргарлик курсида ўқияпман, - дейди тренинг иштирокчиси Жасурбек Нуриддинов. - Мен учун мактаб иккинчи уйга айланди. Сабаби, бу ерда кўп вақтимни ўтказаман. Мактабда ривожланиш учун барча шарт-шароит мавжуд. Ўқиш учун платформа, ётоқхона, спорт билан шуғулланиш учун зал бор. Мени қўллаб-қувватлашга, ёрдам беришга ва мотивацияни оширишга тайёр бўлган менежерлар, техник мутахассислар жамоаси бор. Бу ерда ўқишни баҳоларсиз, мураббийларсиз ва белгиланган жадвалларсиз ҳаммадан ўрганади. Бу вақтни тўғри бошқариш ва ўқув жараёнини мустақил равишда режалаштириш қобилиятини талаб қилади.

Тадбир сўнгида иштирокчилар мактаб фаолияти билан танишди.