Сектор раҳбари, ҳокимлик мутасаддилари халқдан нега узр сўрамади? Улар аслида одамларнинг дардини тингламаган, муаммоларига панжа орасидан қараган

Яқинда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Самарқанд шаҳридаги Фидойилар маҳалласида бўлиб одамлар турмуш тарзи билан танишгач, ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ушбу ҳудуд аҳолисидан уларга муносиб шарт-шароитларни яратмаган, ҳудуддаги камчиликларга бефарқ бўлган шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари учун кечирим сўради.

Хўш, ҳокимни бундай йўл тутишга нима мажбур қилди?

Видеотасвирда кўрсатилгандек, Фидойилар маҳалласида жойлашган, бир вақтлар «Ҳужум» фабрикасига қарашли бўлган икки қаватли иккита ётоқхона биносидан бугун аҳоли турар-жой сифатида фойдаланиб келяпти. 1927 йилда қурилган мазкур 41 хонадонли 15-, ва 16-уйларда 58 та оила, 200 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундоғам умрини яшаб, яроқсиз аҳволга келиб қолган бу биноларда на табиий газ, на ичимлик суви бор. Аҳоли шу атрофда қурилган биргина ҳожатхонадан фойдаланади. Бино авария ҳолатида бўлгани ҳолда ҳудуднинг санитария талабларига жавоб бермаслиги ҳам жуда ачинарли.

-Ўзинг учун ўл етим, нақлига амал қилиб яшаяпмиз, - дейди О.Ғаниева. – Шу икки кўпқаватли уйда яшовчилар ҳовлидаги битта крандан сув ташиб ичамиз. Овқатни ўтинда тайёрлаймиз. Сал кучлироқ шамол бўлса, электр ҳам ўчиб қолади. Икки хонали хонадонларда айрим қўшнилар 10-12 киши яшамоқда. Хонадонларнинг аксариятида, айниқса, иккинчи қаватдаги уйлар томидан чакка ўтади. Ушбу муаммолар бўйича мурожаат қилиб бормаган идорамиз қолмади. Ҳеч ким додимизни эшитмайди. Ҳудуд шаҳар прокурори секторига киради. Прокурорнинг бирор марта ҳолимиздан хабар олиш у ёқда турсин, ҳатто ушбу ҳудудга қадам босганини кўрмаганмиз.

Хуллас, ушбу кўпқаватли уйлардаги аҳвол жуда оғир. Буни ўз кўзи билан кўрган, у ерда яшаётган одамлар билан мулоқотда бўлган вилоят ҳокими улардан кечирим сўрашга мажбур бўлди. Вилоятнинг биринчи раҳбари сифатида бу ердаги нохушликлардан бехабар қолгани, ишни яхши ташкил этмагани учун виждони қийналганидан шундай қилди, назаримда.

Иқрорлик - бу мардлик. Аммо мазкур ҳудудга масъул сектор раҳбари Самарқанд шаҳар прокурори, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, Халқ қабулхонаси нега «Фидойилар»дан кечирим сўрашмади? Ахир, улар эмасмиди жойларда «сайёр қабул» ташкил этиб, «уйма-уй, хонадонма хонадон юриб» халқнинг дардини эшитяпмиз, муаммоларни аниқлаб, уларни тўлиқ бартараф этяпмиз, дея юқори идораларга варақ-варақ ҳисоботлар тақдим этаётганлар? Демак, буларнинг барчаси ёлғон экан-да. Рост бўлганида Фидойилар маҳалласидаги камчиликлар бартараф этилган бўлмасмиди?

Бугун вилоят ҳокимининг ижтимоий тармоқ орқали эълон қилган «Фидойилар маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича барча чораларни кўраман», деган ваъдаси бажарилмоқда.

Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги даволаш профилактика муассасаларининг малакали мутахасислари томонидан икки кунда маҳалланинг 1123 нафар фуқароси тиббий кўрикдан ўтказилган. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун 35 нафар болага тиббий маълумотнома берилган. Кўчма рентген аппарати ёрдамида 236 та фтизиатр текшируви ўтказилиб, 184 болага гижжанинг олдини олиш бўйича дорилар тарқатилган. Ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда мазкур кўпқаватли уйларни бузиш ишлари бошлаб юборилган. Бу уйларда яшовчи фуқаролар вақтинчалик ижара хонадонларга кўчирилиб, ижара пулларини тўлаб беришни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олибди. Тез орада бузилган эски уй соҳибларини янги хонадонлар билан таъминлаш чоралари кўрилаётган экан.

Ўрганишлар давомида маҳалладаги 32 оиланинг қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётганлиги аниқланган. 80 нафар боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд эмас. Икки нафар фуқаро ҳалигача собиқ иттифоқ паспорти билан юрибди.

Худди шунга ўхшаш ҳолат бугун вилоятимизнинг бирон бир тумани ёки шаҳрида учрамайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Шунинг учун жойлардаги ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла оқсоқоллари уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга ечим излашда, камчиликларни таҳлил этишда кўзбўямачиликка йўл қўймасдан ишласалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.