Турмуш чорраҳаларида: Қарғиш

 

- Шукур ака, танишганимизга бир йилдан ошяпти, турмуш қуриш вақти келмадимикан?

- Яна озроқ сабр қил, - Шукур Мастонани меҳр билан қучди.

Орадан вақт ўтиб борар, Шукур тўй ҳақида оғиз очишга шошилмасди.

У уйлангани, Мастона билан шунчаки кўнгилхушлик учун юрганини айтолмасди.

- Шукур ака, - деди у эркаланиб, навбатдаги учрашувда,

- сизни табриклайман, тўйни тезлаштиринг, яқинда ота бўласиз!

Шукур тахтадай қотиб қолди.

- Нима? Нима дединг? Бундай бўлиши мумкин эмас, - у ўзига келиб, жазавага тушди. - Ҳомилангни йўқ қил!

- Ўйлаб гапиряпсизми, ахир у бизнинг фарзандимиз-ку, сен билан бахтли бўламиз, ширин-ширин болаларимиз бўлади, деганларингиз ёлғон экан-да!

- Мен… мен.., - Шукур довдираб каловланди, - мен уйланганман…

- Ҳали мени алдаб юрганмидинг, номард! - буни кутмаган Мастона ҳўнграб йиғлаб юборди, Шукурнинг юз-кўзларини юмдалаб, кўкракларига муштлади.

- Ўзингни бос, мен бундай бўлади деб ўйламовдим, сенсиз яшай олмайман, деб бўйнимга осилиб олган ўзингмасми?

- Мараз, аблаҳ, сени кўргани кўзим йўқ. Ҳали мен сенга осилибманми, туну-кун ортимдан итдай эргашиб, севиб қолдим, деб ҳоли жонимга қўймаган, ширин ваъдалар берган сен аблаҳ эмасмидинг?!

...Шукур ўша айрилиқ дамларини, Мастонанинг телбаларча қарғишларини эслар экан, номардлик қилганидан, бечора бокира бир қизнинг номусини паймол қилгани, қорнида ҳомиласи билан ташлаб кетганидан додлагиси келарди.

Мастона ҳозир қаерда экан, фарзанд кўрган бўлса, қизмикан, ўғилмикан? Уни қарғиши урди, Шукур фарзанд кўрмади.

“Мастона, қаердасан, мен номардни кечир!”. Мастона ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди. Дунё бунчалар шафқатсиз, тақдир аёвсиз бўлмаса…

- Менинг сендек қизим йўқ, йўқол кўзимдан, оқ падар, - деди отаси.

- Бошимизда шундай кўргуликлар бормиди, жувонмарг, бизни тириклайин гўрга тиқдинг-ку, шарманда, - сочларини юлди онаизор.

- Ҳомилани энди олиб ташлаб бўлмайди, анча катта бўлиб қолган, хавфли, - деди шифокор.

Мастона уйдан ҳайдалгач, шаҳарда бир сўққабош кампирникидан паноҳ топди. Қизи туғилди, унга Ойсара деб исм қўйди.

Қизини ўйлаб турмуш қурмади, бутун борлиғини унга бағишлади.

Ойсара улғайиб, отасини сўраганда “у сен туғилишингдан сал олдин ўлганди”, деб алдади.

Шукур қайта-қайта уйланиб ҳам фарзанд кўрмагач, фарзанд доғида адои тамом бўлди. Унга дунёнинг қизиғи қолмаганди.

Ёшликдаги бебошлик қимматга тушди. Тақдир жазоси оғир бўлди. У Мастонани қидириб топиш, қилган хатоси учун тиз чўкиб, кечирим сўраш, агар фарзанд кўрган бўлса, қизми, ўғилми уни бағрига босиб бошини силаш илинжида яшади. Аммо Мастонанинг қаерга кетганини, борми, йўқлигини ҳеч ким билмасди.

Орадан йиллар ўтди, Шукур бува Мастонани кўришдан умидини узди. Пушаймон ўтида юраги куйиб адо бўлди…

- Отахон, касалингиз анча жиддий, юрак билан ҳазиллашиб бўлмайди, сизга асабийлашиш, ҳаяжонланиш мумкин эмас, - деди дўхтир қиз ҳамширага муолажа дори-дармонларини тайинлар экан.

Шукур бува дўхтир қизга қараб юраги ҳапқириб кетди. Наҳотки, наҳотки? Дўхтир қиз бир томчи сувдек Мастонага ўхшарди.

Бўлиши мумкин эмас!

- Қизим, кечирасиз, - деди истиҳола билан, - отангиз борми?

- Йўқ, ўлган!

- Онангиз-чи, ҳаётми?

- Ҳа, худога шукур, ҳаёт!

- Исми Мастона эмасми?

- Ҳа, Мастона! Нима, сиз танийсизми?

- Қизим! - Шукур бува кўксини чангаллаб инграб юборди, унинг юзи докадай оқариб кетганди.

- Отахон, кўзингизни очинг, сизга нима бўлди? - Ойсара унинг кўксини массаж қилишга киришди. - Ҳамшира, электрошокни келтиринг.

Юрак уриши сезилмаяпти.

Қўлида ўлим билан олишаётган бемор чол онасининг қарғиши урган отаси эканлиги Ойсаранинг хаёлига ҳам келмасди.

Тоғаймурод Шомуродов.