Сектор раҳбарларига «мастер-класс» керакми? Ёхуд креатив фикрлашни биладиган ва билмайдиган раҳбарлар тўғрисида қайдлар
Раҳбарлар вазиятга турли ракурслардан қарай билиши, улар фавқулодда истеъдодга эга бўлиши, энг муҳими, одамларга қайишадиган, умид билан келган кишига ёрдам бериши зарурлиги барча замонларда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Бу талаб, раҳбарларда бўлиши шарт хислатлар, айниқса, янги Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зотан, давлатимиз раҳбари барча чиқишларида давлат хизматчисининг асосий вазифаси халқни рози қилиш эканлигига тўхталиб ўтмоқда.
Ҳоким ўринбосарига қиз тутинган жувон
Яқин ўтмишимизда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ҳам жисмоний ва юридик шахсларни қабул қиларди. Ана шундай қабулларнинг бирида онаси ҳамроҳлигида ногирон аёл ташриф буюради. Уларга кўзи тушган раҳбар ёрдамчисига навбатсиз ёнига чақиришини тушунтиради.
- Нима муаммо, онажон?
- Менмас, мана, қизимнинг масаласи бор, шунга ...
Ногиронлик аравачасида ўтирган ёшгина жувон туғруқдан кейин дам олишга имкони бўлмай, жисмоний меҳнат қилишга мажбур бўлганини айтади. Шу боис, кўп ўтмай ногирон бўлиб қолгани, оқибатда турмуш ўртоғи бошқа аёл билан оила қуриб кетганини билдиради.
- Бўлди, синглим, сиз хавотир олманг, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади...
Мутасаддининг ёрдамчиси айтишича, раҳбари чет элдаги нуфузли клиника билан гаплашиб, навбат олган ва ногирон жувонни ўз ҳисобидан даволанишга юборган. Негаки, ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам оғир касалларни бюджет ҳисобидан даволатиш анча мураккаб жараён.
Ҳужжат ишлари, борди-келди билан орадан бир ойлар ўтгач, жувон ёрдамчига қўнғироқ қилиб, хориждан қайтгани, миннатдорлик рамзи сифатида дастурхон тузаб, кутаётганини айтади. Ёрдамчи буни раҳбарга билдириб, ОАВга маълум қилиш-қилмасликни сўрайди. “Ўнг қўлинг қилган ишни чап қўлинг билмасин”. Раҳбарнинг айтган гапи шу бўлган.
Белгиланган уйга кириб боришганида раҳбарининг бўйнига осилиб олган жувонни кўриб, ёрдамчи шошиб нима қиларини билмай қолади.
- Сиз энди менга отамдайсиз, агар отам ҳаёт бўлганларида сиз қилган ёрдамни қила олардими, йўқми, билмайман. Шундай одамга дуч қилгани учун Аллоҳга беҳисоб шукур!
Тадбиркор бўлган “ёзувчи”
Олти йиллар олдин гувоҳи бўлганим бу воқеа, қуйида айтмоқчи бўлганларим учун жуда мос тушади. Чунки ўшанда бир идорада масъул вазифада ишлайдиган ходим қайсидир бир ҳужжатга кўра, ўрта махсус маълумотга эга эканлиги учун ишдан бўшатилади.
Табиийки, у бундан норози бўлиб турли идораларга мурожаат қилади. Барча жавобларда бугун ҳам давом этаётган “анъана”га кўра, унга қонуний ишдан бўшатилганлиги маълум қилинади. Оқибатда ўрта махсус маълумотли бўлгани учун ғайратли бир йигит “ёзувчи”, деган ном орттиради.
Унинг навбатдаги мурожаати вилоят даражасида ўрганиладиган бўлди. Мурожаатни ўрганаётган одам “ёзувчи”га бўш иш ўринларини таклиф қилганда у ғалати ҳолга тушди.
- Рости, ҳозир сизга нима дейишга ҳайрон бўлиб турибман, ишсиз қолаётганим, оилада асосий боқувчи эканлигим ва кекса ота-онам ҳам менинг қўлимга қараб қолганини айтмоқчи бўлсам ... , - дея олди у.
Аммо таклиф қилинган иш ўринлари билан танишиб чиқаркан, уларнинг барчасини рад қилди. Негаки, баъзиларида тўланадиган ҳақ олдинги иш жойидагидан кам, айримлари бориб-келиш учун ноқулай экан.
Амалиётда кўп кўрганмиз, иш ёки меҳнат муносабатлари билан боғлиқ мурожаатлар муаллифига бўш иш ўринлари таклиф қилинади ва у рад жавобини бергач, далолатнома тузилиб, мурожаат назоратдан чиқарилади. Аслида қонун бўйича ҳам мурожаатни шу тарзда ёпиш мумкин. Аммо ҳикоя қилаётган воқелигимда бундай бўлмади.
- Менга бир-икки кун муҳлат беринг, бошқа йўллари ҳақида ўйлаб кўрай, яна гаплашамиз, - деди мурожаатни ўрганаётган мутасадди.
Хуллас, ўша пайтларда омухта ем шохобчалари очиш бўйича ҳукуматнинг ҳужжати қабул қилинди. Мурожаатчига айни шу қарор асосида тадбиркорлик билан шуғулланиши учун шароит яратиб берилди.
Монологга тенг диалог
Яқинда хизмат тақозоси билан Тойлоқ туманидаги 3-сектор штабида бўлдик.
- Ҳудудда аниқланган ҳолатлар бўйича қачон туман ҳокимлигига маълумот киритгансиз? Туман ҳокимлиги маълумотингизга асосан “Йўл харитаси”ни тайёрлаб, берганми,- сўраймиз сектор котибидан.
- ...
- Сектор ҳудудида аниқланган муаммоларни қай тариқа бартараф қиласиз, ахир?! Ўзи одамларни қандай масалалар ташвишлантираётганини ўрганасизларми?
- Ҳа, тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, муаммолар ечими бўйича зарур иш олиб боряпмиз, - деди ниҳоят сектор котиби.
- Қайси муаммони қачон ҳал қилганликларингиз ҳақида маълумот бера оласизми?
- Ҳа, мана масалан, ҳудуддаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб берилиши чораларини кўряпмиз.
- Иссиқхоналарга табиий газ энди берилмаслигидан хабарингиз борми?
- ...
- Ҳудудда қанча ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бор?
- Мингга яқин ишсизлар аниқланди, хатлов давом этяпти.
- Уларнинг бандлигини қандай таъминламоқчисизлар?
- ...
- Касбга ўқитиш марказларида бирон ишни ўргатиш орқали;
тадбиркорликка иштиёқи, лаёқати борларига имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш орқали;
ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларига ишга жойлаштириш орқали.
- Энди, мазкур йўналишларнинг ҳар бири бўйича қанча одамни иш билан таъминлаш режалаштирилганини айтинг-чи?
- ...
Ишсиз қолган, лекин ер йўқ
Тойлоқ туманидаги 1-сектор ҳудудида Нуроний маҳалласи бор. Маҳаллада яшовчи Маъмур Мирзаев бир неча ойдирки турли идоралар эшигида сарсон. Негаки, унинг фермер хўжалиги мақбуллаштириш даврида бошқа фермер хўжалигига, аниқроғи қайнотасининг ерига қўшилган. Аммо орадан олти ой ўтар-ўтмас “Бўтабой обод Элдор” фермер хўжалиги раиси М.Мирзаевни ишдан бўшатиб, далага яқинлаштирмай қўйган. Бугун у “ёзувчи”.
- Туман ҳокими, халқ қабулхонаси, прокуратурага мурожаат қилдим, натижа йўқ, - дейди бугун оилавий кўчиб бориб, Самарқанд туманидаги фермер хўжаликларининг бирида ишлаётган М.Мирзаев. – Наҳотки, менинг муаммомни жиддийроқ ўрганадиган бирон мутасадди топилмаса?!
Туман ҳокимлигига қилинган мурожаатга ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи “Истиқбол ифтихорлари” фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги қарорига асосан бекор қилинган, деб жавоб берган. Жавоб хатида шунингдек, М.Мирзаевнинг мурожаатини амалга ошириб бўлмаслиги ҳам билдирилган.
Мақолани бежиз раҳбарларнинг креатив фикрлаши билан бошлаб, айрим воқеликларни келтирмадик. Хулоса қилишни, сиз, муштарийларга қолдирамиз. Мутасадди идоралардан эса асосли жавоб кутамиз.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.