Сенаторлар болажонлар ҳузурига борди
Бугун жойларда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган ғояни ўзида мужассам этган маърифий учрашувлар ташкил этилмоқда. Шундай учрашувларнинг бири Самарқанд шаҳридаги 1-сон Меҳрибонлик уйида Олий Мажлис Сенати аъзолари Фарҳод Боқиев ва Фармон Тошев иштирокида бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар тарбияланувчилар ва муассаса ходимлари билан дилдан суҳбатлашди, мамлакатимизда кечаётган изчил ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек юртимизда қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида гапирди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан яқинда имзоланган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчаларида тарбияланаётган ёшларимиз учун янада кенг имкониятлар яратиши баробарида мазкур муассасаларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлашга ҳам асос бўлгани таъкидланди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилар учун яратиб берилган шарт-шароитлар билан танишиб, мавжуд муаммоларни ўрганди, уларга китоблар совға қилди, саволларига жавоб қайтарди.
Лутфулло Шомуродов.