Сенаторлар Жомбой ва Тойлоқ туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни билан танишди
Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида бугун жойларда зарур тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.
Бажарилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзолари, маҳаллий депутатлар билан ҳамкорликда жойларда ҳақиқий ҳолат ўрганиляпти, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари кўриляпти.
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Жомбой туманида бўлиб, ҳудудда 2023-2024 куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши билан танишди. Хусусан, ишчи гуруҳ аъзолари туманнинг Алишер Навоий маҳалласида бўлиб, бу ерда хонадонларга қуёш панеллари ва батареялари ўрнатилиши, унинг имкониятлари, афзалликлари юзасидан хонадон эгалари билан мулоқот қилди.
Шунингдек, сенатор тумандаги 24-умумтаълим мактаби биносида ҳам бўлди ва у ерда мактабни куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёни билан танишди. Қайд этилишича, мактаб биносига 15 килловаттли қуёш панеллари ўрнатилган, шунингдек, таълим даргоҳининг ўқув хоналарини иситиш учун кўмир ёқилғиси билан қиздириладиган қозонхона мавсумга тайёрлаб қўйилган. Мавсум учун 10 тонна кўмир захираси шакллантирилмоқда.
Бундан ташқари, Фарҳод Боқиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари қуёш панели ва аккумлятори билан жиҳозланган 30-сонли мактабгача таълим ташкилотининг моддий-техник базаси, кичкинтойлар таълим-тарбия оладиган хоналарни иситишга мўлжалланган батареялар ҳолатини кўздан кечирди.
Шу билан бирга, сенатор Тойлоқ туманинг Бахшитепа маҳалласи ҳудудида жойлашган 17-сонли умумтаълим мактабида 10 киловаттли қуёш панелининг имконияти ва афзалликлари, шунингдек, табиий газ босими пастлиги туфайли кўмир билан иситишга мўлжалланган қозонхона ва унинг янги печлари, куз-қиш мавсуми бўйича бажарилган ишлар ва захира кўмир ёқилғиси ҳолатини ўрганди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ 25-сонли МТТда ҳам кўмир ёқилғиси билан биноларни иситиш мумкинлигига, ташкилотни узлуксиз электр энергияси билан тахминлаш учун 5 киловаттли қуёш панели ўрнатилганига гувоҳ бўлди. Ишчи гуруҳ аъзолари таълим маскани масъуллари билан мулоқотда бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганди.
Куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларини кўмир ёқилғиси билан узлуксиз таминлаш долзарб вазифа ҳисобланади.
“Кўмир таминот” масъулияти чекланган жамиятининг вилоят филиалига қарашли Жомбой кўмир омбори Тойлоқ ва Жомбой туманларига хизмат кўрсатади. Мазкур омборда бу йилги куз-қиш мавсуми учун 17 минг тоннага яқин кўмир захирасини тайёрлаш мақсад қилинган.