Сенаторлар “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини нега рад этди?

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси иш бошлади.

Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбаева олиб бормоқда.

Ялпи мажлисда Сенат аъзолари томонидан ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ соҳаларида ислоҳотларни изчил давом эттириш, маҳалла ва оила институтини мустаҳкамлаш, бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатлари ва муҳим масалаларни муҳокама этиш назарда тутилмоқда.

Юқори палата веб-сайтида маълум қилинишича, сенат “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рад рад этган. Нега?

Маълум қилинишича, Қонунда қатор концептуал камчиликлар мавжуд. Масалан, Қонуннинг 3-моддасида унинг қўлланилиш соҳаси белгиланган бўлса-да, халқаро тижорат арбитражи тушунчаси ва тамойиллари очиб берилмаган.

Шунингдек, 6-моддада Қонуннинг қўлланилиш соҳасини батафсил изоҳлаш ўрнига ҳал қилиш учун халқаро тижорат арбитражига топширилиши мумкин бўлган низолар санаб ўтилган. Сенаторларнинг фикрича, ушбу нормада халқаро тижорат арбитражи кўриб чиқиши мумкин бўлган низо предмети тўлиқ ёритилмаган. Бу ва бошқа камчиликлар туфайли Қонунни жиддий такомилига етказиш зарурлиги таъкидланган.

Юқоридаги сабабларга кўра, қонун сенаторлар томонидан рад этилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги (янги таҳрирдаги), “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги (янги таҳрирдаги), “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунлар маъқулланган.

Ялпи мажлис ишини Олий Мажлис Сенатининг веб-сайтида ва ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларида кузатиб бориш мумкин: