СЭОМ раҳбари жиноят устида қўлга олинди
Коронавирус инфекциясининг тарқалиши пандемия даражасига чиққан шу кунларда санитария эпидемиологик осойишталик маркази ходимларидан ўз хизмат вазифаларига янада масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Урганч шаҳар СЭОМ раҳбари З.Қ. ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда ноқонуний равишда шахсий бойлик орттириш режасини тузди.
Қассобчилик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган Урганч туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, келгусида тадбиркорлик фаолиятининг солиқ органлари томонидан текширилмаслигини таъминлаб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан 300 000 сўм пул талаб қилган З.Қ. жорий йилнинг 25 август куни Хоразм вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида талаб қилган миқдордаги пулни олаётган пайтида жиноят устида қўлга олинди.
Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.