Сессиядан сўнгги ўйлар: Сенатнинг вилоят ҳокимлари томонидан ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича ҳисоботларини эшитиш амалиёти самара беряпти
Хабарингиз бор, бугун халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида маҳаллий Кенгаш депутатларининг роли тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, вилоятнинг барча соҳалардаги равнақи белгиланган “Йўл харитаси”да халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолиятини жонлантириш борасидаги вазифалар ҳам ўз аксини топди.
Ф.Тошев, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
- Сенатнинг вилоят ҳокимларининг ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича ҳисоботларини эшитиш амалиёти яхши самара беряпти.
Биринчидан, олий палата бу борадаги ишларни атрофлича ўрганади, ундан жамоатчиликни хабардор этади.
Иккинчидан, маҳаллий ижро ҳокимияти эътиборини мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратади.
Учинчидан, маҳаллий Кенгашлар депутатлари масъулиятини оширади.
Тўртинчидан, давлат дастурлари ва йирик лойиҳалар ижросини таъминлашда республика миқёсида ҳал бўладиган масалаларга ечим топишда кўмаклашади.
Бугунги сессия қарор асосида тасдиқланган “Йўл харитаси” вилоятдаги кўплаб лойиҳларни ўз вақтида рўёбга чиқишини таъминлайди, деб ўйлайман.
Зайнаб Бердиева, вилоят Кенгаши депутати:
– Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи маълумотномасида амалга оширилаётган ибратли ишларимиз баробарида, йўл қўйилган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Муҳими, бу камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар аниқ белгилаб берилди.
Биз туман Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда янги иш ўринларини яратиш, эҳтиёжмандларни камбағалликдан чиқариш дастурлари ижросини қатъий назоратга олганмиз. Карантин шароитига қарамасдан, “Кумуш тола” МЧЖ Кореядан қиймати 1,5 миллион АҚШ долларига тенг ипак мато ишлаб чиқарувчи ускуна келтириб ўрнатди. 100 гектар майдонда лимонарий қурилди, тўқимачилик кластери ташкил этилди. Бугунги сессия қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси” эса бу ютуқларимизни 2-3 ҳисса кўпайтириш имконини беради.
Ўктам Саидмуродов, вилоят Кенгаши депутати:
– Сессияда ҳозирги шароитда депутатлар фаоллигини янада ошириш жуда муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу сабабли энди Сенат тавсиясига кўра, Кенгаш сўровини қўллаш, депутатлик сўровида натижадорликка эришиш зарур.
Сессияда вилоят Кенгашида тажриба тариқасида котибият тузилиши, унинг алоҳида маош олиб ишловчи таркиби шаклланиши фаолиятимизни бундан-да жонлантиришга ёрдам беради. Кенгаш қошидаги Ижтимоий шерикчилик бўйича жамоат комиссиянинг тузилиши эса нодавлат ва нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда, уларнинг ташкилотчилик салоҳиятидан фойдаланишда депутатларга жуда қўл келади.
Бугунги сессия ва унинг қарори фаолиятимизда янги босқични бошлаб беришига ишончим комил.