Сеул марказида Самарқанд ва Ўзбекистоннинг бошқа қадимий шаҳарлари акс этган видеолавҳалар намойиши йўлга қўйилди
28 сентябрдан Сеул марказидаги энг гавжум чорраҳада, Жанубий Кореянинг сайёҳлар энг кўп келадиган машҳур «Мёнгдонг» кўчасидаги катта экранда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва замонавий архитектурасига бағишланган видеолавҳалар намойиши бошланди.
Мазкур лавҳа туризм соҳасида машҳур «Traveler» компанияси «National Geographic» ҳамкорлигида тайёрланган бўлиб, мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари, қадимий шаҳарлари, маданий ва тарихий жойлари ҳақида маълумот беради. Юртимиз ҳақида видеоматериаллар бир ҳафта давомида 24 соат ушбу экран орқали кўрсатилади.
Экранда намойиш этилаётган лавҳаларга эътиборини қаратган йўловчилардан бири, мамлакатимизга саёҳат қилганини ёдга олиб, Ўзбекистон жуда гўзал, обод ва замонавий мамлакат эканлигини таъкидлади. Ташрифи давомида Самарқанднинг гўзаллиги ва ободлигини кўриб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти юксак даражада ривожланганига гувоҳ бўлганини ҳаяжон билан эслаб, яқин келажакда яна такрор ташриф буюришини маълум қилди.