Шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетлар харажатларини эркин ва мустақил равишда шакллантиради

- Маҳаллий бюджетнинг 2020 йилга мўлжалланган қарорида жорий учун шаҳар маҳаллий бюджети даромадлари ва харажатлари аввалги йиллардан фарқли ўлароқ маълумот учун киритилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги молия бўлими бошлиғи Бекзод Мамадалиев. - Бунинг моҳияти шундаки, шаҳар маҳаллий бюджетига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар халқ депутатлар вилоят Кенгаши томонидан, шаҳар маҳаллий бюджети харажатлари эса халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқлаш тартиби жорий этилган.

Қолаверса, энди шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджетлар харажатларини эркин ва мустақил равишда шакллантиради. Яъни, ҳокимлик ўзига бириктирилган солиқлардан тушумларни кўпроқ туширса, шунга мос равишда харажатларни ҳам ошириш имкониятига эга бўлади.

Агар маҳаллий солиқлар бўйича прогноз кўрсаткичлари бажарилмаса, шаҳар ҳокимлиги шунга мос равишда ўз харажатларини ҳам қисқартириши керак бўлади.

Маҳаллий бюджетлар мустақиллигининг оширилиши муносабати билан биринчи даражали харажатларнинг кафолатли тўланишини таъминлаш мақсадида жорий йилдан умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатларини молиялаштириш Республика бюджетидан амалга оширилади.

Бунинг натижасида, биринчидан, ишчилар сони жиҳатдан энг йирик соҳаларда ишловчи ходимларга иш ҳақлари ўз вақтида етиб боради.

Иккинчидан, автоматлаштирилган ягона тизим яратилиб, таълим муассасалари раҳбарларининг таълимдан ташқари ҳисоб-китоб ишлари, ноқонуний тўловлар сони кескин қисқаради.

Шу билан бирга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш ҳамда шаҳар давлат санитария-эпидемиология осойишталиги марказини сақлаш харажатлари шаҳар бюджетига вилоят бюджетидан ўтказилади.