Шаҳрисабзда Зарафшон дарёси суви ҳақида жиддий масалалар кўтарилди

Зарафшон дарёси ҳавза кенгашининг 5-йиғилиши бу гал Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилди.

Тадбир 2023-2027 йилларга мўлжалланган “Зарафшон дарёси ҳавзасининг иқлимга чидамли комплекс сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЕМ) ҳамда Каритас-Швейцария консорциуми ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили, халқаро ҳамкорлик раҳбари Андрин Финк, Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги директори Нодирбек Раҳимжонов, Тожикистон Республикаси сув хўжалиги вакиллари, шунингдек Зарафшон дарёси ҳавза кенгаши аъзолари, Швейцария элчихонаси, МОМЕМ, Каритас-Швейцария консорциуми, давлат ва маҳаллий ташкилотлар ҳамда ташқи баҳолаш миссияси вакиллари иштирок этди.

Йиғилишнинг биринчи куни иштирокчилар Қашқадарё ва Зарафшон дарёлари ҳавзалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таъминловчи Қорахўжа-2 канали бош иншооти, ичимлик суви таъминоти тизимлари ҳамда “Пахтакор” насос станцияси фаолияти ўрганилди.

Иккинчи кун Мироқи шаҳарчасидаги расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сув ресурсларини самарали бошқариш, иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш, трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳавза режалаштириш мавзусида тренинглар ўтказилиб, иштирокчилар амалий машғулотларда қатнашдилар.

Маълумки, Зарафшон дарёси нафақат Қашқадарё ва Самарқанд вилояти, балки бутун минтақа учун муҳим ҳаётий манба ҳисобланади. Самарқанд вилоятида қишлоқ хўжалиги, аҳоли ичимлик суви таъминоти ва экологик барқарорлик кўп жиҳатдан ушбу дарё ресурсларига боғлиқ. Шу боис, Зарафшон ҳавзасида сувдан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши шароитида сув танқислигининг олдини олиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Зарафшон дарёси ҳавзаси минтақанинг экологик ва иқтисодий барқарорлиги учун стратегик аҳамиятга эга, - дейди халқаро эксперт-эколог Тўрахон Ҳошимов. - Бугун иқлим ўзгариши таъсирида сув ресурслари билан боғлиқ хавфлар ортиб бормоқда. Шу сабабли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва жамоатчилик иштирокини ошириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Йиғилиш якунида Зарафшон дарёси ҳавза кенгашининг келгуси олти ойлик иш режаси муҳокама қилиниб, иштирокчилар ўртасида фикр алмашув ва савол-жавоб сессияси ташкил этилди.