Шарифа Давронова: Юрт шаъни, ота-онам ва устозларим ишончини оқладим
6 август куни Колумбиянинг Кали шаҳрида енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги (U-20) жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида энг яқин таъқибчиси – франциялик Соҳане Ауcагусни 66 сантиметрга ортда қолдириб, 14,04 метр натижа билан чемпионликни тантана қилди. 16 ёшли Шарифанинг бу натижаси U-20 таснифида мавсумнинг энг яхши кўрсаткичи бўлди.
Шарифа мусобақадан қайтгач, Туркиянинг Коня шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги ўйинларига йўл олди. 11 август куни мазкур мусобақанинг аёллар ўртасидаги уч ҳатлаб сакраш дастурида 14,30 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди.
Шарифа Давронова Самарқанд шаҳрида туғилган. Олти йилдан буён енгил атлетика билан шуғулланиб келади.
- Қизим 10 ёшидан бошлаб енгил атлетика билан шуғулланади, - дейди онаси Насиба Ҳошимова. – Мана, меҳнатлари бесамар кетмади, икки нуфузли мусобақада чемпион бўлди. Албатта, Шарифанинг иштирокини ҳаяжон билан кузатдик, ғалаба қозониб, байроғимизни баланд кўтарганда кўзимга ёш келди. Фарзандим билан фахрланамиз. Устозларидан миннатдормиз.
Шарифанинг енгил атлетикада эришган ютуқларида унга ёшлигидан сабоқ бериб, турли мусобақаларга олиб борган мураббийи Музаффар Каримовнинг хизматлари катта.
- Ота-онаси олдимга олиб келганда, Шарифа ёш қизалоқ эди, - дейди М.Каримов. – У ҳеч қачон мағлуб бўлишни истамайди, ёш бўлса-да, юқори марраларга интилади. 2017 йилда илк бор республика мусобақасида қатнашиб, иккинчи ўринни қўлга киритганда йиғлаганди. Сабаби, биринчи ўрин насиб этмади. Шундан кейин у "Энди ҳеч қачон енгилмайман", деб ваъда берди. Шарифа ваъдасини бажаряпти.
Тиришқоқлиги, тинимсиз меҳнати, ўз устида ишлаши эвазига Ўзбекистон чемпионлигини ҳеч кимга бермай келяпти. Айниқса, яқинда унинг Колумбияда ўтказилган мусобақада жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани ва Туркияда ўтказилаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин медалга сазовор бўлгани фаолиятидаги энг катта ютуғи бўлди.
Ёш чемпион мусобақа таассуротлари билан ўртоқлашар экан, келгусида ҳам Ватанимиз учун олтин медалларни тақдим қилишга ваъда берди.
- Кетма-кет иккита халқаро мусобақада қатнашиб, олтин медални қўлга киритиш осон бўлмади, - дейди Шарифа Давронова. – Айниқса, Колумбияда юртимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилганида жуда катта фахр ва ҳаяжонни туйдим. Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам рақобат кучли бўлди. Рақибларим Европа чемпионлари, жаҳон чемпионати ва олимпиада иштирокчилари эди. Аммо уларга бўш келмасдан, юрт шаъни, ота-онам ва устозларим ишончини оқлаб, чемпионликни қўлга киритдим.
Шарифа бу ютуқлар билан чекланмоқчи эмас, яна кўплаб мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтариб, ғалабали юришларини давом эттириш ниятида.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.