Самарқандда енгил атлетика бўйича Марказий Осиё очиқ чемпионати бошланди

Бугун Самарқанд шаҳридаги "Афросиёб Арена" спорт мажмуасида енгил атлетика бўйича Марказий Осиё тўртинчи очиқ чемпионатига старт берилди.

Чемпионатнинг очилиш маросимида Осиё ва мамлакатимиз енгил атлетика федерациялари раҳбарлари, спортни ривожлантириш вазирлиги, миллий олимпия қўмитаси масъуллари ва вилоят ҳокимлиги масъуллари иштирок этди.

Осиё енгил атлетика федерацияси президенти Дахлан Ал-Хамад  спортчиларимизнинг кейинги пайтда халқаро турнирларда муваффақиятли иштирокни таъкидлади ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Шундан сўнг, 11 давлатдан келган 300 нафардан ортиқ спортчи баҳсга киришди.

Уч кун давом этадиган мазкур мусобақада спортчилар югуриш йўналишида, техник йўналишлар, яъни баландликка сакраш, таяниб сакраш, узунликка сакраш, диск, болға ва найза улоқтириш бўйича курашадилар.

Мусобақанинг учинчи куни "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси кубоги ҳамда "Саве Арал 2022" халқаро хайрия югуриш мусобақасининг навбатдаги босқичи ҳам бўлиб ўтади.