Шарқ ва Ғарб тўқнашуви: “Яфф сулҳи” Женева Конвенцияси каби замонавий ҳарбий кодексларда ҳам ўз ифодасини топганми?

1095 йилнинг ноябрь ойида Франциянинг Клермон шаҳрида ўлкан йиғилиш ўтказилди. Унда католик насроний вакиллари - Ғарбий Европанинг энг қудратли қиролларидан тортиб оддий деҳқонларгача, барча қатлам иштирок этди. Ўлкан оломон олдида руҳоний Урбан Ота III оташин нутқ сўзлади. У барчани, Яқин Шарқни эгаллаб олган ислом дини вакилларига қарши қўлларига қурол олишга, насронийлар, яҳудийлар учун муқаддас макон ҳисобланган Қуддусни мусулмонлар “зулмидан” қутқаришга чорлади.

Руҳоний Урбан Ота III томонидан сўзланган нутқ инсоният тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг бу нутқи деярли икки аср давом этди ва насронийлар ҳамда мусулмонлар ўртасидаги тўқнашувга сабаб бўлди. Ғарбий Европа давлатларининг энг қудратли қироллари насронийлик дини остида бирлашиб, Қуддусни мусулмонлардан қайтариб олиш учун уларга қарши, Шарққа томон бир қанча харбий юришларни амалга оширишди. Мазкур юришлар “Салб юришлари” номи билан машҳур бўлди. Ўз навбатида, мусулмон дунёсининг энг қудратли вакиллари ва миллатлари ҳам Ислом дини остида бирлашиб, уларга қарши кураш олиб боришди. Шарқ ва Ғарб ўртасида кечган қонли курашларда кўплаб мард саркардалар, қироллар ва аскарлар ҳалок бўлди.

Тарих бу курашда афсонага айланган икки қудратли саркарда ва ҳукмдор - Ғарб вакили Шерюрак Ричард I ва Шарқ вакили Султон Салоҳиддиннинг қонли ва аёвсиз кураши гувоҳи бўлди. Улар Яратган томонидан бир–бири билан жанг қилиш учун яратилганди гўё...

Мусулмонлар етакчиси Салоҳиддин ўзининг сабрлилиги, инсонпарварлиги, мардлиги, иродаси ва эътиқоди билан ўз даврининг бошқа ҳукмдорларидан ажралиб турарди. Унинг биринчи рақамли душманлари Тамплиер ва Госпиталиер рицарлари эди. Уларнинг қиличидан нафақат мусулмонлар, балки католик бўлмаган бошқа насронийлар ҳам нобуд бўлишарди.

Қуддус маданиятлар чорраҳаси, уч дин (ислом, насронийлик, яҳудийлик) вакиллари учун тенг муқаддас ҳисобланган макон. 1099 йилда cалбчи насронийлар томонидан босиб олинган Қуддусни мусулмонларга қайтариш учун орадан деярли бир аср ўтиб, 1187 йилда турли миллат ва эллатлардан ташкил топган қудратли мусулмон қўшини Дамашқдан йўлга чиқди. Бу қўшинга Султон Салоҳиддин Юсуф Ибн Айъюб бошчилик қиларди. У Дамашқдан 30 минглик қўшин билан йўлга отланди. Унга Қуддус қироли Ги де-Луизинян бошчилигидаги насроний cалбчилари Хотин шаҳри ёнида қаршилик кўрсатишди. Мазкур жангда Салоҳиддин моҳир саркарда эканлигини исботлади. Мусулмонлар cалбчиларни “Хотин тоғи” тепалиги томон чекинишга мажбур қилди ва уларни айланасига ўраб олишди. Луизинян қўшинининг асосини ташкил қилган пиёдалар “Хотин тоғи” тепалигига кўтарилиб чекина бошлашди. Оғир дасгоҳлардаги отлиқ рицарлар тепаликка кўтарила олишмасдан пастда қолиб кетишди. Зил-занбил дасгоҳларда ҳаракатланиши қийинлашган рицарлар Султон қўшини томонидан қириб ташланди. Мусулмонлар Қуддус қироли Ги де Луизинянни асирга олишди ва уни Султон ва саркарда Салоҳиддин ёнига олиб келишди. Саркарда ислом тамойилига кўра, Луизинянни меҳмондўстлик билан кутиб олди. Қуддус қироли бундай ҳаракатдан таажжубланди ва меҳмондўстликдан сўнг қатл эттирилишини тахмин қилди. Бироқ унинг тахмини нотўғри бўлиб чиқди. Салоҳиддин унга шафқат қилди: “Қирол қиролни ўлдирмаслиги керак”, деди у рақибига қараб ва Луизинянга нисбатан қироллардек муносабатда бўлишларини буюрди. Қуддус қироли билан бирга 230 нафар салбчи рицарлар ҳам асир тушишган эди. Салоҳиддин асир рицарларга “исломни қабул қилиш ёки ўлим шарти”ни қўйди. Бироқ тақводор рицарлар насронийлик динидан кечмади ва ўлим билан юзлашди.

Хотин остонасидаги ғалабадан икки ой ўтиб, мусулмонлар қўшини Қуддус шаҳри олдига келиб тўхтади. Шаҳар аҳолиси даҳшатда эди, оналар фарзандларидан хавотир олишарди, эркаклар оилалари тақдирини ўйлашарди. Шаҳар аҳолиси ўлимга ёки қулликка тайёрланишар эди. Лекин мусулмонлар етакчиси яна инсонпарварлигини намойиш этди. У шаҳарни қўриқлаётган салбчиларга таслим бўлишни таклиф қилди ва ватанларига қайтишларига рухсат берди. Саркарда ҳеч кимни ўлдирмади, аксинча барчага озодлик ҳадя этди. У аскар салбчиларни ҳеч қачон муқаддас Қуддусга қайтмасликлари шарти билан қўйиб юборди.

Қуддусдан Европага қайтган салбчилар Европа ҳукмронларининг ҳеч бирида учрамайдиган, мусулмон саркардасининг мардлиги ҳақидаги ҳикоялар билан қайтишди. Улар Салоҳиддин ҳақида афсона ва ривоятлар айтишарди. Қуддусдан қайтган салбчилар уни чуқур ҳурмат билан ёдга олишарди, у ҳақидаги ҳикояларни эшитган европаликлар Ислом вакилининг тутган йўлидан ҳайратланишарди.

Салоҳиддин барча қарорларни ислом шариати асосида қабул қиларди. Султон Европанинг шараф тамойили асосида яшайдиган рицарлари учун мардлик тимсолига айланди.

Қуддус масжидларида яна азон овози эшитила бошланди. Шу билан бирга, насроний ва яҳудийларга ўз эътиқодларига асосан ибодат қилишларига чеклов ўрнатилмади. Аммо Қуддус қайтариб олинган ва масжидларда азон овози янграб турган бўлса-да, Салоҳиддин салбчиларнинг қайтишини биларди.

Муқаддас Қуддус яна мусулмонлар қўлига ўтди. Бу ҳолатдан бутун насроний олами ларзага келди. Қуддус қўлдан бой берилганидан сўнг бундай қайғуга дош бера олмаган насронийларнинг етакчи руҳонийси вафот этди. Янги тайинланган насронийлар бош руҳонийси Григорий VIII зудлик билан яна бир бор барчани Қуддусни қайтариб олиш учун салб юришни амалга оширишга даъват этди. Унинг даъватига биринчи бўлиб, кейинчалик “Шерюрак” тахаллусини олган Англия қироли, қўрқмас жангчи ва саркарда Ричард I жавоб берди. У ўз қўшини билан бошқа салбчиларга қўшилиб, мусулмонлар назоратида бўлган Атта бандаргоҳини қамал қилди. Бироқ буни олдиндан билган Салоҳиддин қамал қилганларнинг ўзларини ўраб олди. Шундай қилиб, қамал қилганларнинг ўзлари қуршов қолиб кетишди.

Қамалда қолган салбчилар қароргоҳида юқумли касалликлар тарқала бошлади. Бироздан сўнг қирол Ричарднинг ўзи ҳам хасталаниб қолди. Қиролнинг қаттиқ бетоблигидан хабар топган Султон Салоҳиддин унинг ёнига етук табибларни ва ноз неъматлар юборди. Бу билан мусулмонлар етакчиси насронийларни ўз меҳмонидек кўраётганлигини билдирди. Ричард қароргоҳида мусулмонлар ва уларнинг етакчиси тўғрисида яна афсона ва ривоятлар кўпайди. Ҳатто Ричарднинг ўзи ҳам Султоннинг бу илтифотидан ҳайратда эди. Бироқ мусулмонлар унинг ашаддий душмани эди ва у Қуддусни қўлга киритмагунча ортга қайтмасликка аҳд қилганди.

Орадан кўп ўтмай, Ричард тузалди ва қутурган шердек қамални ёриб ўтди. Салоҳиддин қақшатқич мағлубиятга учради. Лекин унинг қўшини ҳали ҳам жанг қилишга қодир эди.

Манбааларда келтирилишича, жангларнинг бирида Ричарднинг оти яраланади ва у пиёда қолиб жангни давом эттиради. Қиролнинг пастда жанг қилаётганини кўрган Султон Салоҳиддин уни осонгина ўлдириши мумкин эди. Аммо мусулмонлар саркардаси ўз одамларига қирол Ричардга от келтиришларини буюради ва шундай дейди: “Қироллар отсиз жанг қилиши мумкин эмас. Мен отсиз қолган қирол билан жанг қилмайман”. Душмани кўрсатган бу илтифотдан Англия қироли ҳайратда қолди...

Кўплаб тўқнашувлардан сўнг Султон Салоҳиддин Қуддусга қайтди ва шаҳар ҳимоясини кучайтирди. Шерюрак тахаллусини олиб улгурган инглизлар қироли Қуддусни шимол томондан қамал қилди. Мусулмонлар ва насронийлар етакчиси Қуддус учун бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи жангга тайёр эди. Султон Салоҳиддин ўзининг барча содиқ саркардаларини йиғди ва “ҳаёт учун эмас, мамот учун курашамиз”, деди.

Шерюрак Ричард шаҳарни қўлга кирита олмаслигини, қўлга киритган тақдирда ҳам уни ушлаб тура олмаслигини тушунди. Чунки тинимсиз тўқнашувлардан улар ҳам чарчашганди. Ривоятга кўра, салбчилар етакчиси қалқони билан юзини беркитиб шундай дейди: “Мен бу шаҳарга қарай олмайман. Чунки уни мусулмонлар қўлидан ололмадим”.

Қирол сулҳ тузиш таклифини унинг қароргоҳида меҳмон бўлган Султоннинг акаси Алладил орқали етказди. Сулҳ шартлари муҳокама қилинди. Бу Ғарб ва Шарқнинг бир-бирига ашаддий душман бўлган ҳукмдорлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик кўрсатишган кунлар эди. Англия қироли бир кун қайтиб келиб барибир Қуддусни забт этишини таъкидлади. Соғлиги ёмонлашиб қолган Султон уни кутишини, улгурмаса, нариги дунёда Муқаддас шаҳар дунё ҳукмдорларининг энг одили ва мардига насиб бўлишидан бениҳоя хурсанд бўлишини таъкидлади.

Шу тарзда 1192 йилда “Яфф сулҳи” тузилди. Унга кўра, мусулмон, насроний ва яҳудий дини вакиллари Қуддусни зиёрат қилишларига ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаслиги белгиланди. Яфф бандаргоҳи Ғарб ва Шарқ савдогарларининг савдо қилишлари учун очиқ майдон сифатида белгиланди. Яқин Шарқ ва Қуддус мусулмонлар назоратида қолди. Ричард Шарқни тарк этди. Салоҳиддин ҳаж сафарини амалга ошириб, ўз пойтахти Дамашққа қайтди.

Салб юришлар оқибатида Шарқ ва Ғарб дунёси муросасиз баҳсда тўқнашди. Кўплаб мард саркарда ва қироллар бу юришда ҳалок бўлишди. Бироқ ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор деганларидек, бу тўқнашув натижасида Шарқ ва Ғарб маданиятлари бирлашди. Ислом маданияти Европага кенг кириб борди. Ибн Сино, Беруний, Хоразмий каби Буюк аждодларимиз асарлари Европа халқлари тилига таржима қилинди ва уларнинг илм-фанда эришган ютуқлари, ўша даврда Шарқдан ортда бораётган Европада давом эттирилишига замин яратди. Турк, араб ва форс олимларининг илмий ишлари Европада кенг ўрганилди ва илм-фаннинг ҳозирги ҳолатига етиб келди.

Қирол Ричард I ва Султон Салоҳиддин томонидан тузилган сулҳ ўз даврида ашаддий душман бўлган икки дин ўртасидаги ((ислом ва насроний) келишувининг биринчи намунаси бўлди. “Яфф сулҳи” ҳозирги кунгача битимларнинг ва келишувларнинг асоси ҳисобланади. Кўпчилик мутахассислар “Яфф сулҳи” Женева Конвенцияси каби замонавий ҳарбий кодексларда ҳам ўз ифодасини топганлигини таъкидлашади.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.