«Шердор» Про-лига сафидан чиқарилди

Ўзбекистон профессионал футбол лигасининг жорий йил 30 июндаги қарорига биноан Самарқанднинг “Шердор” футбол клуби Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси қатнашчилари сафидан чиқарилди.

“Шердор” футбол клуби 2018 йилда Про-лигада иштирок этиши учун шартли равишда қабул қилинган эди. Бунга клуб раҳбариятининг ЎзПФЛ томонидан  белгиланган талабларни бажармаётгани, йиллик бадал ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўламагани сабаб бўлди.

Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг ишчи гуруҳи томонидан клуб фаолияти ўрганилганида жамоада молиявий-ҳисоб фаолияти тўлиқ юритилмаслиги, 2020 йилги харажатлар сметаси тасдиқланган бўлса-да, молиялаштириш манбаларининг йўқлиги аниқланган.

Клубга жорий йилнинг 1 апрелига қадар вазиятни ўнглаш учун муддат берилган ҳамда шартли равишда Биринчи лига иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтишига рухсат берилганди. Шундай бўлса-да, улар кетма-кет кафолат хати ёзиш билан чекланиб келган. Аслида эса клуб аввал қатнашчилик бадалини тўлаб, сўнг мусобақада иштирок этиши керак. ЎзПФЛ эса бу борада клубларга доим имконият яратиб беради. Аммо ўтган йиллардан ҳам қарздор бўлган клубларнинг мусобақада давом этиши, мусобақалар ўтказиш регламентининг бузилиши ҳисобланади.

Шунингдек, Навоийнинг “Иттифоқ Навоий” футбол клуби ҳам Про-лига сафидан чиқарилди.

Дилшод ЎТАМУРОДОВ.