ШҲТга аъзо мамлакатлар фотографлари Самарқандга келди

Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити олдидан ташкилотга аъзо давлатлар фотографлари Самарқандга келди.

Шоҳи Зинда мажмуасида Бош вазир ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов меҳмонлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Эрон, Россия Федерацияси, Тожикистон ва бошқа давлатлардан келган 20 нафарга яқин фотограф мамлакатимиз, шу жумладан, Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обида ва қадамжоларидан суратлар тайёрлаш ва уни халқаро кўргазмада намойиш қилиш мақсадида эканини таъкидлади.

- Ушбу нуфузли саммит Ўзбекистонда туризм, маданият ва санъат соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга бериладиган баҳони янада оширади, - дейди покистонлик фотограф Муҳаммад Рамзан. – Шу билан бирга, ШҲТга аъзо давлатлар фотографларининг ижодий маҳоратини намойиш этиш учун замин яратади. Самарқандда темурийлар даврида бунёд этилган мажмуа ва ёдгорликлар кўп. Ўзбекистонга ана шундай меъморий обидалар акс этган суратни олиб келдим ва уни эсдалик учун қолдираман.