Шифокорлар нега беморга дори воситаларини рецепт бланкасига ёзиш ўрнига оддий қоғозга ёзяпти?

Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Президентнинг 2022 йил 26 октябрдаги “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мунтазам назорат тадбирлари ва таҳлиллар ўтказилмоқда.

Ўрганишлар давомида 2-9 декабрь кунлари 78 ҳолатда шифокорлар томонидан дори воситалари тасдиқланган рецепт бланкасига ёзиш ўрнига оддий қоғозга ёзиб берилаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, туман-шаҳар прокурорлари томонидан хусусий тиббий клиникалар ва дорихона раҳбарлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, 612 нафар тиббиёт муассасалари раҳбарлари, шифокор ҳамда ижтимоий дорихона мудирлари расман огоҳлантирилган.

Олиб борилган амалий ишлар натижасида тиббиёт муассасалари шифокорлари томонидан хусусий фирмаларнинг бланкаларига рецепт ёзиш ва беморга даволаш стандартида белгиланган дори воситаларидан ташқари қўшимча, яъни талаб этилмайдиган турли фирмаларнинг қиммат дорилари ёзилишининг олди олинмоқда.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан ушбу йўналишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари  юзасидан битта тақдимнома  киритилиб, 37 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.