Шифокорларнинг фармацевтика ташкилотлари билан “ҳамкорлигига” чек қўйилади
Ўзбекистон Республикасининнг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Таклиф этилаётган қўшимчалар тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари ва ходимларининг ҳуқуқбузарликлар содир этиши ҳамда ваколатларини суиистеъмол қилишга ундовчи усуллардан фойдаланишининг олдини олишга қаратилган.
Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, тиббий муассасалар раҳбарлари ва тиббиёт ходимларига қуйидагилар тақиқланади:
➖ дори воситаларининг савдо номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва (ёки) сотиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилишни амалга оширувчи ташкилотлар, дорихоналар, уларнинг филиалларидан ҳамда уларнинг номидан фаолият юритувчи вакиллар ёки бошқа жисмоний ва юридик шахслардан молиявий мукофотлар, моддий ва номоддий кўринишдаги ҳар қандай рағбатлар олиш;
➖ фармацевтика ташкилотлари, дорихоналар ва уларнинг вакиллари билан дори воситаларини тайинлаш ёки беморларга тавсиялар бериш бўйича шартномалар тузиш;
➖ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланмаган рецепт бланкаларида рецепт ёзиш ва бериш.