Шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятига рухсат берилади, поликлиникаларда иш вақти 20:00 гача давом этади
Бугун “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра:
• ҳудудларда 2023 йил 1 январдан жойлардаги оилавий поликлиника филиаллари негизида оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади;
• оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилади ҳамда уларда ишловчи тиббиёт ходимлари учун 2022 йил 1 июндан қўшимча устама ҳақи белгиланади;
• 2022 йил 1 майдан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан олис масофада жойлашган маҳаллаларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади (2022 йилда жами 1002 та);
• аҳолининг профилактик тиббий кўриклари, скрининг дастурлар ва патронаж хизмати фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ ва белгиланган муддатларда амалга оширилади, бошқа ташкилотларнинг ушбу жараёнга аралашувига йўл қўйилмайди.
2022 йил 1 июлдан:
• олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 500 баробаридан (135 млн. сўмдан) ошмаган миқдорда қоплаб берилади;
• олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.
2022 йил 1 сентябрдан шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади.
Бунинг учун алоҳида тиббиёт муассасаси очиш талаб этилмайди ва ушбу тоифадаги шифокорларга ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин.
Мазкур тажриба дастлаб 2022 йил якунигача Сирдарё вилоятида, кейинчалик эса босқичма-босқич бошқа ҳудудларда жорий этилади.