Ширинқулов яратган формула барча соҳаларда кенг қўлланилмоқда

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида “Академик Тошпўлат Ширинқулов фаолияти ва илмий ижодини ўрганиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда таниқли механик олим, академик, ЎзФА аъзоси, техника фанлари доктори Т.Ширинқуловнинг ҳаёти, илмий изланишлари, математика ва механика соҳасига қўшган муносиб ҳиссаси, бой илмий мероси профессор-ўқитувчилар ва шогирдлари томонидан ёдга олинди.

- 1985 йилда ўқишни тугатиб, Самарқанд архитектура-қурилиш институти, кейинчалик 1993 йилда Ўзбекистон фанлар академияси Самарқанд филиалида устоз билан узоқ йиллар бирга ишладик, - дейди физика-математика фанлари доктори, профессор Бахтиёр Хўжаёров. – Тошпўлат акадан ҳам илмий, ҳам инсонийлик фазилатларини ўргандим. У кишининг илмий изланишлари, яратган формула ва математик тенгламалари барча соҳаларда кенг қўлланилган. Устоз деформацияланувчи асосларда ётувчи бино ва иншоотлар пойдеворларини ҳисоблашнинг янги усулларини яратган олим сифатида танилган. Деформацияланувчи асос билан қурилманинг ўзаро таъсирини ўрганишда уларга мос келувчи математик моделларни танлаш жуда муҳим. Чунки танланган моделнинг қурилмалар ва асоснинг ҳақиқий ишлаш шароитига мос келиш даражаси конструкциянинг ишончлилик, мустаҳкамлик ва зилзилабардошлик хусусиятларини таъминлайди. Бу йўналишда Т.Ширинқулов шогирдлари билан катта натижаларга эришди.

Т.Ширинқуловнинг кўп йиллик илмий тадқиқотлари 200 дан ортиқ илмий мақолаларида, шунингдек, 5 та монографияда ўз аксини топган. Унинг раҳбарлигида 33 та фан номзоди, 5 та фан доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.