Швеция бош эпидемиологи коронавирус туфайли мамлакатда карантин жорий этилмаганидан афсусланди

Швециянинг бош эпидемиологи Андерс Тегнелл “Sveriges Radio”га берган интервьюсида мамлакатда COVID-19 инфекцияси туфайли вафот этганлар сони жудаям юқори эканлигини таъкидлади.

Унинг фикрига кўра, Швеция жорий этилган чекловларни кучайтириши лозим эди.

“Мамлакатда жудаям кўп ўлим ҳолати қайд этилди ва бунинг олдини олса бўлар эди. Бунинг имкони бор эди”, дея таъкидлади Тегнелл.

Швеция коронавирус туфайли қатъий карантин қоидаларини жорий этишдан бош тортган эди. Мамлакат бўйлаб инфекциянинг тарқалишига қарамасдан, мактаб, боғча, ташкилот ва хизмат кўрсатиш соҳалари фаолияти давом эттирилди. Ҳукумат фуқароларни фақатгина эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.

Айни вақтда мамлакатда 38 мингга яқин коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилган. Улардан 4 минг нафардан ортиқ бемор вафот этган. Швеция, касалланганлар сони бўйича қўшнилари Дания, Норвегия ва Финляндиядан бир неча баробар ўзиб кетди.