Швеция мудофаа бюджети "Россия туфайли" кескин оширилади
Швеция парламенти мамлакатнинг мудофаа бюджетини келгуси беш йилга бирдан 40 фоизга оширишни қўллаб-қувватлади. Бу қиролликнинг сўнгги 70 йил ичидаги ҳарбий харажатларида энг катта ўсиш. Бюджетни ошириш зарурати минтақадаги кескинлик ўсиш билан, хусусан, Россия ҳаракатлари ва яқин ўн йиллик даврда унинг ҳарбий салоҳиятининг ўсиш эҳтимоли билан изоҳланади.
«Бу янги хавфсизлик ҳолатига Россиянинг Грузияга қарши тажовузи, Қримнинг қўшиб олиниши, Украинадаги можаролар, Беларусдаги ҳаракатлар, Россиянинг ҳарбий салоҳиятининг ошиши, кенг қамровли машғулотлар, Арктика ва Болтиқ денгизи минтақасидаги фаоллик сабаб. Биз янги хавфсизлик муҳити ва уларни сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий кучлардан фойдаланишга тайёр эканлигини кўрдик», деди Швеция мудофаа вазири Питер Хултквист.
2025 йилга қадар Швеция мудофаа бюджети қарийб 9 миллиард евро (89 миллиард крон)га етиши кутилмоқда. Маблағнинг бир қисми қуролланишни модернизациялаш ва киберхавфсизлик борасида мамлакатнинг мудофаа ҳамда ҳужум салоҳиятини оширишга йўналтирилади.
"Швеция компаниялари, ҳукумати, қуролли кучлар, давлат идоралари, турли ташкилотларга қарши ҳужумлар рўй бермоқда. Баъзида бу ҳар кун содир бўляпти, шунинг учун олдимизда бундай муаммо доимо бўлади", дея таъкидлади вазир.
Хуллас НАТОга аъзо бўлмаган Швеция ўз мудофааси учун ялпи ички маҳсулотнинг 1,1 фоизини сарфламоқда. 2030 йилга келиб Швеция қуролли кучлар миқдори 55 минг кишидан 90 минг кишига оширилади.